Узоқ Шарқ мусулмонлари диний идораси раиси, Узоқ Шарқ муфтийси Aҳмад ҳазрат Ғарифуллин Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига миннатдорчилик мактуби йўллади.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига Сахалин оролида Рамазон ойи тадбирида хизмат кўрсатишни ташкил этишдаги кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирилган.
“Биз сизнинг қўллаб-қувватлашингиз ва ғамхўрлик кўрсатганингизни чин қалбдан қадрлаймиз. Келгуси ҳамкорлигимиздан умидвормиз ҳамда мусулмонларни бирлаштириш ва Қодир Аллоҳнинг динини мустаҳкамлашга кўмаклашиш йўлидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз бундан кейин ҳам ўз самарасини беришига ишонамиз”, дейилади ташаккурнома матнида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати