Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

Малайзиядан Тошкентга ҳафтасига икки марта ҳаво қатновларини амалга ошириш бошланди

16.04.2024   597   1 min.
Малайзиядан Тошкентга ҳафтасига икки марта ҳаво қатновларини амалга ошириш бошланди

Малайзиянинг “Batik Air” авиакомпанияси кечадан эътиборан Куала-Лумпур–Тошкент–Куала-Лумпур йўналишида ҳафтасига икки маротаба мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парвозлар “Boeing 737 max 8” ва кенг фюзеляжли "Airbus A330" русумли самолётларда душанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Шунингдек, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги парвозлар "Uzbekistan Airways" томонидан ҳам ҳафтасига 2 марта амалга ошириб келинмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, икки мамлакат ўртасида авиақатновлар сонининг кўпайиши ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Малайзиянинг етакчи авиаташувчиларининг республикамизга парвозларини ташкил этиш, зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва малайзиялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида мамлакатимиз фуқаро авиацияси маъмурияти ва "Batik Air Malaysia" компанияси раҳбарияти ўртасида қатор музокара ва маслаҳатлашувлар ташкил этилган эди. Малайзия авиакомпаниясининг Ўзбекистонга илк авиақатнови 2023 йил 15 декабрь куни йўлга қўйилган эди.

"Batik Air Malaysia" ("Malindo Airways Sdn Bhd") 2012 йилда Малайзия ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган. Бош қароргоҳи Петалингжаяда жойлашган. Ҳозирда компания Осиё қитъасининг 50 дан ортиқ йўналишига, жумладан Австралия, Бангладеш, Жанубий Корея, Индонезия, Покистон, Сингапур, Таиланд, Хитой, Япония, Ҳиндистонга рейсларни амалга оширади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ватан ҳар кишининг қалбидан бошланади

13.01.2025   2777   4 min.
Ватан ҳар кишининг қалбидан бошланади

Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғи, маҳалласи ва қишлоғи билан таърифланади. “Ватан” сўзи араб тилида туғилиб ўсган жой, она юрт маъносини англатади. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилат. Бу борада: “Ватанни севмоқ иймондандир” ҳикматини эсга олишнинг ўзи кифоядир. Бизга маълумки, Ватанга бўлган муҳаббат жой, макон ва вақт танламайди. Бу туйғу инсон туғилиши билан вужудга келиб, вафот этиши билан ўз поёнига етади.


Ватанга меҳр эса она сути билан қалбга сингади. Шу ўринда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғилоний, Қаффол Шоший, Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломаларимиз Ватанга бўлган кучли  муҳаббатлари туфайли кўплаб асарларини юрт номи билан боғлаганлари тарихдан маълум.


Буюк аждодларимиз Нажмиддин Кубро Ватан ҳимоячиси қандай бўлишига ёрқин мисол бўла олади. Минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб келганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукумдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Бироқ, ватанини ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киришади, лашкарларни олға чорлаб бораётганида шаҳид бўлади. Жалолиддин Мангубердининг эса моҳир лашкарбошилиги, жасорати ва мардлиги мўғул империяси ҳукмдори Чингизхонни лол қолдиргани тарих саҳифаларидан маълум. У Жалолиддиннинг шаънига мақтов сўзларини изҳор этиб: “Отадан дунёда ҳали бундай ўғил туғилмаган. У саҳрода шер каби ғолиб жангчи, дарёда эса наҳанг (акула) каби ботирдир”, дейди ва ўғилларига юзланиб: “Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб – олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олади”, деб таърифлаши унинг мардлигини тан олганини англатади.


Бир  сўз  билан  айтганда,  минг  йиллар  давомида  юртимизга кўплаб босқинчилик ҳужумлари бўлган. Барча замонларда ўз юрти ҳимояси учун босқинчиларга қарши озодлик байроғини баланд кўтарган ватанпарвар йўлбошчилар, миллат қаҳрамонлари душманлар билан тинимсиз кураш олиб борган.


Ватанни севиш уни ҳимоя қилиш савобли иш. Унга хиёнат қилиш эса кечирилмайдиган катта гуноҳ бўлса-да, айрим кишилар ўз ватанини ташлаб ўзга юртларда ватангадолик қилиб юрганликларига нима дейиш мумкин. 


Боболаримиздан мерос бўлиб келаётган “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингнинг гадоси бўл” деган ҳикматли сўзга кўра, бу инсонларда на ватан, на инсонийлик, на ота-онага бўлган ҳурмат, ака-ука, опа-сингилга бўлган меҳр, қавму қариндош ва қўни қўшничиликка нисбатан оқибатни акс этмаганини кўришимиз мумкин. Уларнинг айримлари эса турли радикал диний-экстремистик ташкилот ва оқимларга қўшилиб кетаётгани кишини ажаблантиради. Улар ўзга айрим манфаатдор ёвуз кишиларнинг найрангига учиб ўз ватанидан, оиласидан ҳатто ота-онасидан ҳам воз кечиб кетмоқда… Бундай хислат инсонийлик меъзонига хам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз ватани равнақи учун фидоийлик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр бўлиши лозимдир.


Донишмандлардан бирининг айтишича: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғармаклари даркордир”. Ўзини ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон бутун тану-жони билан юрак қони ила ватан боғини яшнатиш учун хизмат қилиши керак. “Ватан остонадан бошланади”, деганидек ватан ҳар бир кишининг қалбидан, виждонидан бошланади.


Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

 

МАҚОЛА