Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Май, 2025   |   8 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:43
Қуёш
05:14
Пешин
12:25
Аср
17:19
Шом
19:29
Хуфтон
20:54
Bismillah
06 Май, 2025, 8 Зулқаъда, 1446

"ТЕЛЕФОНнинг 60 та ОДОБИ"

16.04.2024   584   20 min.

 

R Одобнинг асли – ўзини нуқсонли, бошқани – комил кўрмоқликдир.

  Одоби кам бўлган – ўзини комил, бошқаларни – нуқсонли кўради.

R Банда шу тўрт нарса билан юксалади:

-  илм;

-  одоб;

-  омонат;

-  иффат.

R Одоби йўқнинг – илми, сабри йўқнинг – динга боғлиқлиги, тақвоси йўқнинг – Аллоҳга яқинлиги йўқдир.

 

(Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ).

 

 

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

 

¯ «Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

¯ «Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар» (Имом Абу Довуд ривоятлари). 

 

 

ЭНГ  АВВАЛО,  УНУТМАСЛИК  ЛОЗИМКИ:

 

· телефон орқали биз гаплашаётган ҳам – одам;

· рўпарамиздаги одам билан мулоқот қилганда, нималарга эътибор қаратсак,

телефонда сўзлашишда ҳам шуларни инобатга олиш лозим:

1)      аввало бошқа телефонга эгасининг рухсатисиз мутлақо тегилмайди;

2)      агар эгаси рухсат бермаса, бошқа телефонни “Смс”, “Имена”, “Контакты” ва бошқа жойларини ўқимаслик ва қарамаслик;

3)      беҳуда, манфаати йўқ, динимиз қайтарган нарсаларни ёздирмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;

4)      шариат ҳукмларига, миллий қадриятларимизга ва давлат қонунларига зид нарсаларни ёздирмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;

5)    нохуш, кўнгилни хира қиладиган, асабга тегадиган ва инсон руҳиятига салбий таъсир этадиган воқеа-ҳодисаларни телефонда тасвирга олмаслик ёки овозини ёзмаслик ва уларни тарқатмаслик;

6)      катта-кичик мажлислар, турли хил йиғин-йиғилишлар, ўзаро суҳбатлар ва турли мулоқотларни мажлис-йиғин раислари, суҳбатдошларнинг рухсатларисиз телефонга ёзиб олинмайди;

7)      бировнинг гаплашганини эшитмаслик ва пойламаслик;

8)      бошқага қўнғироқ қилаётган одам кун ва кечанинг соатларини инобатга олиб, бемаҳалда ва ноўрин қўнғироқ қилмаслик;

9)      бошқага қўнғироқ қилганда ҳар бир телефон қилишни орасида 4 ракат суннат намозни вақти ўтгандан сўнг лозим бўлса, яна бир бор телефон қилинади. Шу тартибда 3 марта телефон қилинганда ҳам жавоб бўлмаса, такроран қилинмайди. Агар етказилмоқчи бўлган хабар тезкор, ўта муҳим, жуда ҳам зарур бўлса, ёзма шаклда юборилади;

10)      суҳбатдош одам телефонни ўчирмаган бўлса, қизиқиб эшитиб турмасдан, дарҳол телефонни ўчириш;

11)      ҳаммом, ҳожатхона жойларда телефонда гаплашилмайди;

12)      транспорт воситаларини бошқариб кетаётган одам имкон қадар телефонни ишлатмаслик;

13)      суҳбатдош одамни телефонда вақтини кўп олмаслик;

14)      бизга телефон қилинган пайтда, ёнимиздагилардан изн, рухсат сўраб, телефонга жавоб берилади, агар зарур бўлса;

15)    телефонга келган қўнғирок, хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларга ўз вақтида жавоб қайтараолмаган одам, кейинроқ албатта муносиб жавоб қайтариш;

16)      телефонга келган хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларни жавобсиз қолдирмасдан, имкон бўлганда муносиб жавоб қайтариш;

17)    телефонга келадиган ҳар қандай ёқимсиз гап-сўз, хабар (хат, қўнғирок, савол ва ҳоказо)ларга ўзимизни ҳам, суҳбатдошни ҳам, бошқаларни ҳам асабларини бузмасдан, хушмуомала билан ўзимизга ҳам, суҳбатдошга ҳам, бошқаларга ҳам ёқимли жавоб қайтарилади;

18)    суҳбатдошлар ва бошқа одамлар олдида телефон ўйнамаслик, айниқса ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар олдиларида. Чунки бундай қилиш – суҳбатдошга нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик ҳисобланади. Агар зарурат туғилиб қолса, суҳбатдошга узрини айтиб, рухсат сўраб телефон билан машғул бўлинади;

19)      биринчи телефон қилаётган одам: «Ким бу?» демаслик. Балки аввал салом бериб, ўзини таништириб, керакли одамни сўралади;

20)      ота-онасининг телефонини ўзиникидан яхшироқ ва зўрроқ телефон қилиб беришлик;

21)      ука-сингилларига ҳам телефон олиб беришлик;

22)      ака-опаларининг телефон сотиб олишга имконлари бўлмаса, уларга ҳам телефон олиб беришлик; аҳли аёлига ҳам телефон олиб берилади;

23)      ота-она, ука-сингил, имконияти камроқ ака-опа ҳамда аҳли аёлининг телефон алоқаларининг пулларини тўлаб туришлик;

24)      «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзлари билан бирга «Лаббай?», «Эшитаман?», «Ассалому алайкум!», «Қулоғим сизда?», «Нима хизмат?» каби миллий қадриятларимизга хос ва мос иборалар бор эканлигини унутмаслик;

25)      телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки суҳбатдош билан хайрлашиб, унга яхши тилаклар тилагандан сўнг телефонни ўчириш мумкин;

26)      ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефонда сўзлашганда ҳам, ўрнидан туриб сўзлашилади;

27)      ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефонда сўзлашганда ҳам, биринчи бўлиб салом берилади;

28)   ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларга телефон қилганда, улар сўрашларидан олдин ўзининг кимлиги (исми, лавозими)ни айтиб таништирилади;

29)      телефон қилганда суҳбатдошнинг вақтини олмаётганлигини сўраб, узр сўрашлик;

30)      телефон орқали суҳбат тугагандан сўнг ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлардан олдин телефонини ўчирмаслик;

31)      телефон қилинган одам телефонни биринчи бўлиб ўчирмайди;

32)      ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларга гудок ташламаслик;

33)      агар улар шундай қилган бўлишса, дарҳол уларга қайта телефон қилиш;

34)      суҳбатдошнинг рухсатисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;

35)      телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, биринчи бўлиб телефон қилган одам қайтадан телефон қилиши лозим;

36)      телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар телефон қилиб қолишса, сўзлашиб турган одамдан узр сўраб, дарҳол уларга жавоб берилади;

37)     ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларга телефон қилганда, мабодо алоқа узилиб қолса, биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;

38)      суҳбатдошнинг шахсий маълумот (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини унинг рухсатисиз бошқаларга кўрсатмаслик, бермаслик ва юбормаслик;

39)      суҳбатдош билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун суҳбатдошнинг розилиги олинади; агар рухсат бермаса, ёзиб олинмайди;

40)    бир киши билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлган одам, олдин у кишидан изн сўраб, рухсати олинади; агар рухсат бермаса, сурат ё видеога тушмаслик;

41)      бир кишини сурат ё видеога олмоқчи бўлган одам ҳам, олдин у кишидан изн сўраб, рухсати олинади; агар рухсат бермаса, сурат ё видеога олмаслик;

42)      телефон орқали кўриб гаплашиш учун аввал суҳбатдошнинг олдидан ўтиб, унинг розилиги олинади; агар рухсат бермаса, кўриб гаплашмаслик;

43)     телефон орқали кўришиб гаплашиш учун суҳбатдошнинг розилигини олишда унга гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйилади;

44)      агар суҳбатдош томонидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;

45)     агар ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат уларнинг ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;

46)      ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларнинг рухсатларини олишда уларга ҳам гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини билдириб қўйилади;

47)      агар ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, улардан узр сўралади;

48)    ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан сўзлашганда, уларнинг ҳурматларини билиб, вақтларини ортиқча олмаслик;

49)      ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар телефон қилган бўлишса, ўз вақтида телефонни ололмаган одам, дарҳол узр сўраб қайта телефон қилади;

50)      сиз телефон қилган вақтда ҳам бошқалар ололмаган бўлсалар, улардан асло хафа бўлмаслик;

51)    жамоат жой (касалхона, мажлис, масжид, маърака-маросим, таъзия, ишхона, самолёт, поезд, автобус, автомобиль, такси ва ҳоказо)ларда бўлганда телефон овозини ўчириб қўйилади;

52)       ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефонсиз сўзлашганда, телефон овозини ҳам ўчириб қўйилади;

53)    ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар телефон қилиб қолишса, ёнимиздагилардан узр сўраб, ким телефон қилаётганини айтиб, дарҳол телефонга жавоб берилади;

54)      жамоат жой (касалхона, мажлис, масжид, маърака-маросим, таъзия, ишхона, самолёт, поезд, автобус, автомобиль, такси ва ҳоказо)ларда бўлганда телефонда гапириш тўғри келса ҳам, паст овоз билан сўзлашилади;

55)      жамоат жойларда бўлганда, шу ердагилардан изн, рухсат сўраб телефонга жавоб бериш; агар зарур бўлса, овоз орқали ёки ёзма равишда;

56)      зарур бўлган ҳолатлар: ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар телефон қилганларида ёки тезкор ҳолатли иш содир бўлганда ва ҳоказо;

57)      телефонга жавоб берса ҳам, четроқга чиқиб, овози пастроқ ҳолда жавоб бериш;

58)      ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан сўзлашиб турганда, шулардан бирорталари телефон қилиб қолсалар, ким телефон қилаётганини айтиб, рухсат сўралади; рухсат берсаларгина гапиришлик;

59)      бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлган одам, аввал суҳбатдошдан рухсат сўрайди; агар маъқул бўлса, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки суҳбатдош бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмаслиги ҳам мумкин;

60)      йўл ҳаракати (пиёда, транспорт воситаси)да бўлганда имкон қадар қулоқчин (наушник)лардан умуман фойдаланмаслик, зеро атрофдаги (одамлар, турли хил вазият) ҳолатларда жиддий нохуш, кўнгилни хира қиладиган, асабга тегадиган ва инсон руҳиятига салбий таъсир этадиган воқеа-ҳодисаларга сабаб бўлиб қолиши мумкин.

 

Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш – ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа!



Иброҳимжон домла Иномов

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзликни англаш, маънавият асосидир

05.05.2025   3861   7 min.
Ўзликни англаш, маънавият асосидир

Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ 68-сонли Фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган. Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.

Фармонга асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган. Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.

Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир. Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.

Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:

Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.

Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.

Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:

Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.

Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.

Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.

Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.

Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:

Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.

Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,

Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.

Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.

Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.

Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

МАҚОЛА