Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Январ, 2025   |   21 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:43
Пешин
12:39
Аср
15:44
Шом
17:29
Хуфтон
18:46
Bismillah
21 Январ, 2025, 21 Ражаб, 1446

Мўминни куфрда айбламанг!

18.04.2024   1174   2 min.
Мўминни куфрда айбламанг!

Интернет тармоқларида баъзан арим ёшлармиз  ҳиссиётга берилиб, илмсизликча бирор бир инсонни кофирга чиқариш ва сўкиш ҳолатларни кўзатиб, қўрқиб кетамиз.  Хўш мўмин  инсонни кофир ё фосиққа чиқариш шундай осон иш-ми? Шу мавзуда олимлармизни гапларини келтирмоқчимиз.  Саъдуддин Тафтазоний «Шарҳул ақоиди Наса-фийя» асарида: «Гуноҳи кабиралар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди», деган. Ояти карима ва ҳадиси шарифлардан биламизки, қотиллик, ўғирлик, сеҳргарлик, зино, ароқ ичиш, бўҳтон қилиш, ота-онага оқ бўлиш, рибо ейиш шариати исломияда қаттиқ қораланган гуноҳи кабиралар сирасига киради. Қатор ақида китобларида куфрдан бошқа ҳар қандай гуноҳ мўмин бандани иймондан чиқармаслиги айтиб ўтилган. Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол санаган, фарзни инкор этган, куфр сўзларни гапирган, Аллоҳдан ўзгага сажда қилган, Куръоннинг илоҳий каломлигига шак келтирганлар кофир саналади. Шундай экан, ҳар қандай мўминни куфрда айблаш асло мумкин эмас. Бу айрим «такфирчи»ларнинг ишидир. Бизнинг ақидамизга кўра, иймон шартларини инкор этмаганлар иймонини ҳаргиз йўқотмайди.

Бу масалада аҳли сунна ва жамоа айтган хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Мисол учун ароқ ичган одам уни ҳалол деб эътиқод қилса, кофир бўлади. Ароқни ҳалол деб эътиқод қилмаса-ю, уни ичса осий бўлади.

Исломда илк ихтилоф қўзғаб, аҳли сунна валжамоадан ажралиб чиққан тоифа - хорижийлар «Гуноҳи кабира қилган кофир бўлади», деб эътиқод қилишган. Бугунги кунда шу каби ғояларни илгари сураётганлар борлиги бизни сергакликка тортади. Асли  «Иймонга - тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқлашдан иборат, амаллар эса иймон шартига кирмайди», деб эътиқод қиламиз. Буни машҳур мутакаллим Нуриддин Собуний ҳам айтиб ўтган. Гуноҳи кабирани қилган банда фосиқ бўлади. фосиқлик тавба билан кетади. Бу тавбадан сўнг кайта иймон келтириш шарт эмас. Тавбадан сўнг иймон калимасини айтиш эса муртадларга шарт, холос. Оят ва ҳадисларда гуноҳ қилган кишилар- «иймонсиз» деб, «кофир», «мушрик», «муртад», мурожаат этилмагани фикримизнинг яққол исботидир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Шунинг учун барчамиз билишимиз лозимки қиёматда Аллоҳ  бировни амалидан эмас балки ўзимизни амалмиздан сўрайди. Аллоҳ барчалармизга тавфиқ берсин! 

Обидхон домла Икрамов,
ЎМИ Наманган вилояти вакили биринчи ўринбосари

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам

14.01.2025   3410   4 min.
Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оиша розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуч келган мусибатни кўриб, Расулуллоҳнинг ҳаётларидаги энг оғир мусибат шу бўлса керак, деб ўйлаган эканлар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эҳ Оиша, бу қавм менга кўп озорлар етказди”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирлар туфайли кўп қийинчиликларга, маҳзунликларга дуч келдилар. Бу шу қадар оғир мусибат бўлган эканки, ҳатто мушриклар сабаб чеккан изтиробларининг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни юпатиш учун Жаброил алайҳиссаломнинг ўзи келган экан.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг қилган ишлари туфайли қип-қизил қонга беланиб, маҳзун бўлиб ўтирганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, «Ё Аллоҳнинг Расули, сизга Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан кўрсатайми?» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа», дедилар. Жаброил алайҳиссалом ортларидаги дарахтга ишора қилиб, «Дарахтни ёнингизга чақиринг», деди. Расулуллоҳ дарахтни чақирган эдилар, у бирдан ҳаракатга келиб, у зотнинг қаршиларига келиб тўхтади. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга «Жойингга қайт денг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган эдилар, дарахт жойига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бўлди, кифоя!» дедилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бўлди, маҳзунлигим ариди, Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам бўлди, демоқчи бўлдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога ҳаётларидаги энг оғир, энг қайғули ҳодиса Ақаба куни бўлганини айтдилар.

Бу – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тоифга борган кунларидир. Бу воқеа ҳам маҳзунлик йили бўлган эди. Бундан олдин Макка мушриклари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни, саҳобаларни Абу Толибнинг маҳалласида уч йил қамал қилиб, уларга борадиган озиқ-овқатни, сувни тўсиб, атайлаб очарчилик билан исканжага олишди. Мусулмонлар уч йиллик қамалдан ҳолдан тойиб, эндигина чиққанларида Расулуллоҳнинг ҳимоячилари бўлмиш амакилари Абу Толиб, бироз ўтиб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дардларига дармон бўлиб яшаган сирдошлари, жуфти ҳалоллари Хадича розияллоҳу анҳо вафот этиб қолдилар.

Макка мушриклари фурсатдан фойдаланиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг саҳобаларига азиятни кучайтириб юборишди. Мусулмонларга яна қанчадан-қанча мусибатлар етди, уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўша йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда кўплаб қайғулар етгани учун бу йил «маҳзунлик йили» деб аталди.

Ана шундай оғир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни Маккадан бошқа жойда ҳам етказиб кўришни ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда ҳар жиҳатдан Маккадан кейинги ўринда турадиган Тоиф шаҳри бўлиб кўринди. У зот Тоифга боришга қарор қилдилар.

Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлолари (озод қилган қуллари), тутинган фарзандлари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан бирга Тоиф томон йўлга тушар эканлар, «шояд Тоифдан бирор ёруғлик чиқса, маҳзунлик ариса, даъват ишлари юришиб кетса», деган умидда эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга етиб бориб, у ерлик энг катта қабила – Сақиф қабиласининг аъёнлари билан учрашдилар, уларни Исломга даъват қилдилар. Аммо уларнинг жавоби энг ёмон жавоб бўлди. Улар у зот алайҳиссаломни масхара қилишди, ўзларининг эсипастлари, қуллари ва бебош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкишга, ортларидан бақириб, масхара қилишга, ҳатто тош отишга гижгижлашди. Тоифликлар йўлнинг икки четига туриб олиб, у зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларидаги шиппак қонга, қалблари дарду аламга тўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари изтиробга тўлган ҳолда Тоифдан чиқиб кетдилар. Шу қадар маҳзун эдиларки, қаёққа кетаётганларини ҳам билмай, юриб боравердилар. Ўзларига келиб қарасалар, Қорнус-Саъолибга[1] келиб қолибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунча масофани пиёда босиб ўтган эдилар. Қаттиқ маҳзун бўлганларидан Қорнус-Саъолибга келгунларича атрофдаги бирор нарсани сезмабдилар ҳам.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.


[1] Қорнус Саъолиб – Тоифдан 40 км узоқликда жойлашган, сел сувлари тўпланадиган жой. Бу ерни Қарнул Манозил ҳам дейишган. Наждликлар ҳаж учун шу жойдан эҳром боғлашади.