Россия ва Ислом оламининг халқаро иқтисодий конференцияси шу йил май ойида Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.
“IQNA”нинг “Yeni Şafak”га таяниб хабар беришича, май ойида Қозон шаҳрида Россия ва ИҲТ давлатларининг “Россия – Ислом олами: Кaзaнфорум 2023” халқаро иқтисодий форуми бўлиб ўтади.
Ушбу конференцияни ўтказишдан мақсад Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий, таълим, ижтимоий ва маданий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, конференция Россия ва бутун дунёда ислом молия тизими институтларини ривожлантиришга кўмаклашади, қўшма халқаро лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратади.
Ислом молияси, сармоя, саноат, кичик ва ўрта бизнес, дипломатия, халқаро ҳамкорлик, технология, туризм, тиббиёт ва спорт каби мавзулар анжуманнинг асосий мавзуларидан иборат.
Бу йил конференция доирасида “Ҳалал Ехпо” кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади. Унда Россиянинг ҳалол маҳсулотлари, хизматлари, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари намойиш этилади.
Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари Марат Хуснуллин ушбу конференция ҳақида бундай деди: “Бу йилги йиғилишда Миллатлар Ҳамдўстлиги, Яқин Шарқ, Aфрика, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Aфрика мамлакатлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. “Ўтган йилги форум доирасида 200 дан ортиқ дастур ўтказилди ва 130 дан ортиқ шартнома имзоланди”.
Татаристон ҳукумати раҳбари, Казанфорум ташкилий қўмитаси ўринбосари Ростам Миниханов: “XV Қозон форуми Россиянинг ислом давлатлари билан мулоқотга тайёрлигини кўрсатади”, - деди.
Мазкур форум жорий йилнинг 25-30 май кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.
Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.
Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.
Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.
Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).
Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.
Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати