Cавол: Имзо чекувчи ўзи рухсат берса ўрнига имзосини қўйиш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Агар бу ҳолат бирор корхона ёки компанияда бўладиган бўлса, ўша жойнинг низомида бу ишга, яъни имзо чекувчининг розилиги билан ўрнига бошқаси имзо чекишга рухсат этилган бўлса ёки бу ишга раҳбарнинг ишончномаси мавжуд бўлса, бу иш жоиз. Акс ҳолда бундай қилиш жоиз эмас. Чунки мусулмонлар ўзаро тузилган шартномаларга амал қилишлари керак. Бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Мусулмонлар ўз шартларига кўра бўладилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Агар бу иш савдо ишларида бўлса, имзо қўйувчининг вакили сифатида амалга ошириши мумкин бўлади. Лекин бу ўринда имзо чекувчи алдов ва хиёнатдан сақланишлиги зарур бўлади. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким алдаса, мендан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.