frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида "Ўткан кунлар" романининг араб тилидаги нашри тақдим қилинди

25.04.2024   759   3 min.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида
 
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романининг илк араб тилидаги "Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси" деб номланган нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

Машҳур асар таниқли таржимон Муҳаммад ал-Жибали томонидан араб тилига ўгирилган.

Китоб тақдимоти Абдулла Қодирийнинг 130 йиллигини нишонлаш доирасида ёзувчи набираси Хондамир Қодирий, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзолари, мамлакатимиз ОАВ вакиллари, ёзувчи ва нуфузли журналистлар иштирокида ўтказилди. Шунингдек, унда асар таржимонлари Айн-Шамс ва Луксор университетлари профессори Муҳаммад ал-Жибали, Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Магди Заъбал, маҳаллий экспертлар ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбирни Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев очиб берди. Элчи ўз нутқида ўзбек адабиётининг буюк намояндалари, уларнинг бетакрор асарлари ҳақида сўз юритар экан, Абдулла Қодирий 20 аср ўзбек адабиётида ёрқин из қолдирганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, собиқ иттифоқ даврида ўзбек адибларининг кўплаб асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Лекин "Ўткан кунлар" романи рус тилидан бошқа бирор тилга таржима қилинмаган. Ҳатто асарнинг рус тилидаги таржимаси ҳам цензурага учраб, қатор ўзгартиришларга юз тутди.

Шу боис, элчихона кўмагида орадан 100 йил ўтиб ушбу роман араб дунёси ўқувчиларига илк маротаба "Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси" номи остида тақдим этилди.

"Ўткан кунлар" романининг араб тилига таржима қилиниши ўзбек маданияти, минтақа тарихи, ўзбекона одоб-ахлоқ каби фазилатларни Яқин Шарқ халқлари орасида кенг тарғиб этишда хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Асар таржимони Муҳаммад ал-Жибали ўз маърузасида ўзбек халқи учун қадрдон бўлган ушбу асарни араб тилига таржима қилганидан бағоятда мамнунлигини билдирар экан, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Қайд этиш керакки, таржимада асарнинг эски ўзбек ёзувидаги илк нусхасидан ҳамда рус ва инглиз тилларидаги таржималаридан фойдаланилди.

Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси маълумотига кўра, "Ўткан кунлар" романининг араб тилига таржима қилишда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган ватандошимиз Саид Маҳмуд Косоний, доктор Муртазо Сайдумаров, шайх Ҳусайнхон Яҳё Абдумажидов, Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси, профессор Магди Заъбал, таржимон Феруза Галиева ҳамда ўзбек тили бўйича мутахассислар Раҳма Ибраҳим, Ҳабиба Меҳмет Али ва бошқаларнинг ёрдамлари чексиз бўлди. 

Чоп этилган китоб муқовасида Абдулла Қодирий авлодлари тавсиясига кўра, "Ўткан кунлар" романининг 1925 йилдаги илк нашрининг суратидан фойдаланилди. Китоб қаттиқ муқовада ва сарғиш рангли силлиқ қоғозда чоп этилди. Минтақадаги энг йирик "Дор ул-Маориф" нашриётида 1000 нусхада чоп этилган китобни Мисрдаги барча йирик кутубхоналар ва университетлар, таълим ва маданият муассасалари, давлат идоралари, Қоҳирадаги дипломатик корпус ўртасида тарқатиш режалаштирилган. Бошқа араб давлатларида ҳам мазкур роман таржимасини қайта чоп этиш назарда тутилмоқда.

"Ўткан кунлар" романини араб тилида мутолаа қилишни истаган юртдошларимиз, Тошкентдаги Абдулла Қодирий уй-музейига ёки Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасига мурожаат қилишлари мумкин.

Ушбу китоб тез фурсатларда мамлакатимиздаги йирик кутубхоналар ва университетларга ҳам тақдим этилади, шунингдек, бепул онлайн платформаларга жойлаштирилади. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Буни шукр деб бўладими?

27.06.2025   2377   3 min.
Буни шукр деб бўладими?

Беҳисоб пул ва бойликларни чекиш-ичиш, кайфу сафо учун сарф қилиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Ёшлик даврини зино ва ҳаром ишлар билан ўтказиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Телефон орқали ўзгаларга зарар етказиш, ҳар хил бўлмағур ишларда фойдаланиш – Аллоҳга шукр бўладими?!

Егуликларни чиқинди қутисига ташлаш, уволни билмаслик – Аллоҳга шукр қилишми?!

Закотни ўз вақтида адо этмаслик, садақадан тийилиш – Аллоҳга шукр қилиш деганими?!

Интернетда фойдасиз нарсалар учун вақт ажратиш, вақтни бекорга зое қилиш – Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишми?!

Ахир Аллоҳ таоло бизларга шукр қилишни ва У Зотнинг фазлини эътироф қилишга буюрган-ку: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!»[1].

Қолаверса, Аллоҳ таоло шукр қилувчиларни азобламаслиги хабарини ҳам берган: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ  шукрни қабул этгувчи ва билгувчи Зотдир»[2].

Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг давомли бўлишининг гаровидир: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”»[3]. «...Агар шукр қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У Зот сизлар учун  рози бўлур...»[4].

Бу дунёда борлигимизга шукр қилиш – ота-оналаримизга яхшилик қилишимиздадир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги – ота-онанинг ризосидадир” [5], деганлар.

Қариндошчилик муносабатларини йўлга қўйиш, улар билан борди-келди қилиш, узилган ришталарни тиклаш ҳам Аллоҳ бизга қариндош, яқинлар бергани неъматининг шукридир. Набий алайҳиссалом бу борада: Ризқида кенгчилик бўлиши, ажали ортга сурилиши кимни хурсанд қилса, қариндошчилик алоқаларини боғласин”, деганлар[6].

Садақа бериш – Аллоҳ бизни мол-дунё билан сийлагани учун шукр қилиш демакдир. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Набий алайҳиссалом: “Махфий қилинган садақа Яратганнинг ғазабини ўчиради. Қариндошчилик алоқаларини боғлаш  умрни узайтиради. Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан асрайди”, [7] деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Бақара сураси, 152-оят.
[2]  Нисо сураси, 147-оят.
[3]  Иброҳим сураси, 7-оят.
[4]  Зумар сураси, 7-оят.
[5]  Ибн Ҳиббон ривояти.
[6]  Имом Бухорий ривояти.
[7]  Имом Табароний ривояти.