…Тун ярмида қўшни хонадонда кўтарилган шовқин қўни-қўшниларнинг ҳам тинчини ўғирлади. Кимдир оилавий жанжалга аралашмаган маъқул деган фикрда бўлди, яна кимдир, балки уларни муросага келтириш керакдир, деган ўйда ўша ҳовлининг дарвозасидан бош суқди. Бўлмади, участка профилактика нозири келмагунча бақир-чақир, ур-сур тинчимади. Келишмовчилик, тушунмовчилик ортидан келиб чиққан тўполон биргина шу оила аъзоларининг эмас, ён-атрофдагиларнинг ҳам тинчлигига, хотиржамлигига раҳна солди...
...- Эшитдингизми, нариги маҳалладаги фалончи аканинг уйига ўт кетибди! Иморатларнинг деворигача ёниб тугабди....
Бу гапни эшитган маҳалладошларнинг барини ичи туздек ачишди. Ўт балоси қаердан чиқди? Энди совуқ кунларда бу оила қаерда яшайди? Жўжабирдек жон эди оила соҳиби, қандай қилиб ўзини тиклаб олади энди? Мана шундай саволлар бу оилани билганки инсонлар кўнглидан ўтди. Қўшни қишлоқда бўлган нохуш воқеа ён-атрофдагиларнинг ҳам тинчини бузди...
Ижтимоий тармоқларда тарқалган қўшни давлатнинг йирик вилоятидаги сув тошқини ҳақидаги хабар ўзбекистонликларни ҳам хавотирга солди. Чунки бу давлатда иш юзасидан юрган фарзандлар, яқинлар бор, ўша ерда истиқомат қилаётган қон-қариндошлар бор. “Инсонлар омон бўлишса бўлди, мол-мулк, уй-жой топилади”, деган ўй ва тилак ўтди кўпчиликнинг дилидан. Бироқ то тошқин талафотлари бартараф этилмагунча юраклардаги нотинчлик барҳам топмади...
Бу воқеалар изоҳига кўз югуртирар экансиз, сизнинг ҳам кўнглингизга ғашлик инган бўлса керак, азиз замондош. “Ҳа, тинчликка, хотиржамликка нима етсин”, дея пичирлаган бўлсангиз ҳам ажаб эмас. Бу табиий ҳол. Биз тинчликни, хотиржамликни хуш кўрадиган халқмиз. Шу сабаб дуоларимиз аввалида Яратгандан тинчлик эл-юртга, хонадонларга тинчлик сўраймиз. Тинчликни энг улуғ неъмат деб биламиз ва шу қадар қадрлаймиз. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин”, деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бироқ афсуски, бугун ер юзи саҳнининг ҳар бурчи ҳам тинч эмас. Ҳар бир элату халқлар тинчликда кун кечирмаяпти. Баъзи ғоялар курашидан оддий халқ, ёшлар азият чекяпти. Тўғри йўлдан оздирувчи оқимлар, ақидалар бир лаҳза тиним билгани йўқ. Улар ўзларига хайрихоҳ, сафини тўлдирувчи, онги заҳарли тушунча билан тўлган ҳамфикрлар излаб топиш ва мақсадида эришиш билан машғул. Хунрезликлар, қўпорувчиликлар, қуролли ҳужумлардан бегуноҳ инсонлар, болалар қурбон бўляпти...
Булар ҳақида ўйлаган саринг беихтиёр Ватанни, унинг сарҳадини, мустақиллигини, тинчлигини кўз қорачиғидек асраш кераклиги юрагингда қатъий ва энг муҳим аҳдга айланади. Шундай бўлиши ҳам керак. Фаровонлик, ободлик, бунёдкорлик, инсонни улуғлаш ва халқ манфаати бош мақсад бўлган Ватаннинг тинчлигини асраш шу заминда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаронинг бурчи, вазифаси ва мажбуриятидир.
Афсуски, тинчликнинг, хотиржамликнинг қадрига етмайдиганлар ҳам орамизда учраб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримнинг “Исро” сураси 83-оятида: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур”, дея марҳамат қилинади. Биз фарзандлар, дўст-биродарларга тушунтирайликки, токи уларнинг кўнглини шукроналик тарк этмасин. Ёмонликка рўбарў келмасдан аввал яхшиликни, яхши кунларнинг қадрига ета олсинлар.
Яна бир ҳолат шу куннинг оғриқли нуқтаси эканини инкор қилолмаймиз. Ҳозир ёшларимиз анчайин жиззаки, ҳақ бўлсалар исбот этиш учун рақиби жисмига зарар етказишга жудаям ўч. Ўзгани аёвсиз дўппослаш, жонига қасд қилиш айрим ёшлар учун оддий ҳолдек туюляпти. Бу фожиадир. Бу оиладаги тарбияда оқсалгани оқибатидир. Ёшларимиз орасида ўзаро баҳсга, тортишувга киришганларни муросага келтириш ўрнига уларни гиж-гижлайдиганларнинг кўплиги биз катталарни ҳушёрликка ундаши керак. Бу борада Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси 9-оятида: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” дейилганини ҳам унутмаслигимиз лозим. Қолаверса, Аллоҳ таоло томонидан “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (“Бақара” сураси, 208-оят), дея марҳамат қилинади.
Такрор таъкидлашимиз мумкинки, тинчлик – энг азиз неъмат. У бор жойда аҳиллик, саломатлик, яхшилик, ривож ва ободлик бўлади. Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Шу ўринда Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом” эканини эътироф этишимиз ҳам жоиздир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”, дейди (“Қадр” сураси, 5-оят).
Мусулмоннинг муддаоси нима? Икки дунё саодати эмасми?! Бунинг учун зиммамиздаги фарз ва суннат амалларни адо этиш билан бирга Ватан, ватандошлар тинч-осуда ҳаёти учун ўз ҳиссамизни ҳам қўша олмоғимиз керак. Зотан, Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда келтирилганидек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Заминимизда доим тинчлик бўлсин. Эртанги кун учун қилган ёруғ ниятларимизни Аллоҳ ижобат айласин. Фарзандлар, ёшлар тўғри йўлдан адашмасин. Биз эса улар қалбига илм-маърифат нурини солишдан эринмайлик, чарчамайлик. Халқи зиёли, маърифатли юртдан тинчлик аримагай, иншааллоҳ!
Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Наманган вилояти бош имом-хатиби.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси