Бугун исломга ёт тоифаларнинг ва дин душманларининг хунрезликлари сабаб “исломофобия” ибораси кенг ёйилмоқда. Гарчи бу атамани илк бор ХХ аср бошларида шарқшунос олим Этъен Дине “Шарқ Ғарбнинг нигоҳида” номли асарида қўллаган бўлса-да, Исломдан чўчитиш ҳаракати тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келган илк йилларда ҳам мушриклар Ислом динини ёмонотлиқ қилиш, яъни исломофобия уруғларини сочиш учун турли қинғирликлар содир этишган. Жумладан, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънларига номуносиб гапларни айтишган. Ваҳоланки, дин душманлари исломни қанчалик ёмон кўрсатишга уринишмасин, Аллоҳ ўз дини ва мусулмонларни азиз қилиб қўявериши Қуръони каримда бундай талқин этилади: “Улар Аллоҳнинг нурини (исломни) оғизлари (беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир. У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир”, деб таъкидлаган (Саф сураси, 8-9-оятлар).
Аллома боболаримиздан Сўфи Аллоҳёрнинг ҳам шу маънодаги машҳур байтлари бор:
“Чироғиники, Ҳақ ёндирди қўйди,
Ани ким, “пуф” деди, соқоли куйди!”.
Ғаразли мақсадларни кўзлаган гуруҳлар бу ҳақиқатни тан олмай, ислом динини обрўсизлантириш, тинч ағоли орасида фитна қўзғатиш ҳаракатларини давом эттирмоқдалар. Лекин улар мақсадларига етолмасликлари, Аллоҳ таоло бунга йўл қўймаслиги, юқоридаги байтда шеърий тарзда ифодаланган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, одамларни ислом динидан қўрқитиш билан шуғулланувчилар – Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ёвуз кимсалардир. Модомики, улар ҳар қандай қабиҳ ишдан қайтмайди. Мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, бўҳтон ёғдириш, кўплаб хунрезликлар содир этишдан ҳам тап тортмайди. Бузғунчилик ва қинғирликларни қандайдир кўринмас кучлар қўлида қўғирчоқ бўлаётган турли тўдалар зиммасига қўйиб, муборак ислом дини билан боғлашга ҳаракат қилинади. Бу каби хийлаларни кимлар қилиши Қуръони каримда очиқ баён этган: “Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”, дейилади (Наҳл сураси, 105).
Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир. Ислом бир инсонни ўлдириш у ёқда турсин, унга озгина озор беришдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир”, деб таъкидлаганлар.
Ёвуз кучлар ўз мақсади йўлида ҳар қандай ёмонликни қилишга тайёрдир. Масалан, Европа давлатларида яшаётган мусулмонларни камситиш ва уларга нисбатан оммада нафрат уйғотиш учун айрим қора ниятли кучлар дин номидан қўпорувчиликлар уюштирадилар, Қуръони каримни ёқиб юборадилар. Бу эса жамият тинчлиги ва барқарорлигини кўролмаётган айрим кучлар хоҳлаган жиноятлардир. Чунки омма олдида ислом ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилиб, жамиятларда тартибсизлик келтириб чиқарадилар. Бунга мисол тариқасида шу кунларда Туркиянинг Швеция пойтахти Стокгольмдаги элчихонаси олдида Қуръони каримни ёқиб юборилганини келтириш мумкин. Мусулмонларга нисбатан бундай ҳурматсизликни кўпинча “сўз эркинлиги” деб аташади.
Муқаддас динимизнинг маърифатпарвар ғоялари ва ҳаётбахш ўгитлари Қуръонда мужассам бўлиб, мусулмонларнинг қалблари ва ҳаётиларидаги энг муқаддас китобдир. Бу мезонни мусулмонлардан ташқари бутун дунёдаги онгли, дунёқараши кенг ҳар қандай инсон тан олади ва шу орқали барча инсонларга ҳурмат билан муносабатда бўладилар.
Ҳабибуллоҳ САИДОВ
Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юзага чиқариш бўйича қилинаётган ишлар катта натижа бермоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, буни ҳудудга хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврга нисбатан 30 баробар кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Соҳадаги ўзгаришлар ҳисобига вилоят туризм хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан ўтган йилда 380 миллион долларга етди.
Сир эмас, илгари ҳудуд туризми ҳақида гапирилганда кўпчилик фақат Ичан қалъани ҳаёлига келтирар эди. Кейинги вақтларда бу борадаги қарашлар бутунлай ўзгарди. Сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик йўналишлар ишлаб чиқилди ва уларнинг умумий сони юзтага етди.
Энди бу ерда яна бир ноёб мажмуа – "Арда Хива" бор. Унинг очилиши Хоразм вилоятига Президент ташрифининг муҳим воқеаси бўлди.
Мажмуа қадим кент ичра яна бир бетакрор шаҳарни эслатади. Мазкур маскан ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан ноёб лойиҳа саналади.
"Арда Хива" ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилди. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани, бу майдонларда эса яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бозор расталарини томоша қилди.
Бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Хусусан, қадимий шаҳар муҳитини акс эттирувчи бинолар, жами минг ўринли 20 та меҳмонхона қурилди. Очиқ-ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, уч минг ўринли амфитеатр ва мусиқали фаввора барпо этилди.
Шунингдек, тарихий қиёфадаги 11 та ҳунарманд уйи, шарқона бозор, "Кўҳна Урганч" музейи меҳмонлар учун қизиқарли бўлади. Икки километрлик каналда қайиқда сайр қилиш имконияти яна бир ўзига хос янгилик.
Бешта кинотеатр ва концерт зали, кўплаб ресторанлар, заргарлик маркази, савдо дўконлари ва расталари, сув мото-туризми жойи ҳамда автотураргоҳ замонавий талабларга мос тарзда қурилган. Ҳудуддаги барча иншоотлар учун ягона совитиш ва иситиш тизими барпо этилган. Электр энергияси таъминоти учун қуёш панеллари ўрнатилган.
Мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда икки мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.
Ичан қалъа тарихий бўлса, "Арда Хива" Хоразмнинг замонавий "ташриф қоғози" бўлади.
Давлатимиз раҳбари шу ерда хоразмлик ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
- Ҳар қандай захира, ерости бойликлари қачонлардир тугайди. Лекин боболаримиз бизга шундай буюк маънавий мерос, улуғвор обидалар қолдирганки, улар асрлар давомида халққа хизмат қилиб келаяпти. Биз мана шу бойликдан элимиз манфаати йўлида фойдаланишимиз керак. Анча ишлар қилинди, лекин ҳали режалар ҳам кўп. Мен бу йўлда сиз, ёшларга ишонаман. Сизлар баланд чўққиларни кўзлаб, шунга яраша билим олсангиз, замонавий касбларнинг устаси бўлсангиз, юксак мақсадларимизга албатта эришамиз, - деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Ёшларнинг ўқишдаги муваффақиятлари, орзу-интилишлари ҳақида фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати