Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фарғона вилояти Фурқат тумани бош имом-хатиби Анваржон домла Фармонқуловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум домламизни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Анваржон домла Фармонқуловнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати