frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Илм олиш ҳаммага фарз

06.05.2024   7328   3 min.
Илм олиш ҳаммага фарз

Динимиз доимо илму маърифатга тарғиб қилади. Қуръони каримда: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят)дейилган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин-му­сулмон учун мажбурийдир. Фарзни бажармаслик эса, улкан гуноҳдир. У икки қисмга – фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади.

Фарзи айн – ҳар бир мусулмон шахсан бажариши шарт бўлган амал. Уни биров учун бошқа одам адо эта олмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади.

Фарзи кифоя эса, баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун ҳам кифоя қиладиган амал. Бунга жаноза намозини мисол қилиш мумкин. Бир мусулмон вафот этса, унинг жанозасини ўқиб, дафн этиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун бир инсоннинг жанозасини баъзи мусулмонлар ўқиса, бошқалардан фарз соқит бўлади.

Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккаласи ҳам иштирок этади.

Ҳар бир мусулмон ўзи учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олиши фарзи айндир.

Мусулмонлар жамоаси учун зарур бўл­ган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир. Ҳар бир соҳада одамлар манфаатига хизмат қиладиган мутахассисларни етиштириш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Эҳтиёжларни қондирадиган даражада мутахассис тайёрлаган жамият аъзоларидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.

Бу фарз ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, ўша мутахассислар жавобгардир. Фарзандларига таълим-тарбия бериши, бирор касбнинг бошини туттириши ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги мажбуриятдир.

Демак, бугун жамиятимиз учун зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлаш барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоядир. Бунинг учун фарзандларимизни ёшлиги­дан ўзи қизиққан соҳага йўналти­риб, Ватанга, халққа, динга хизмат қиладиган етук мутахассис бўлиши учун барча шароитларни ҳозирла­шимиз лозим. Шундагина бу фарз биздан соқит бўлади.

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,

Хўжаобод тумани

“Етти чинор” жоме

масжиди имом ноиби

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди

30.07.2026   18157   1 min.
Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди

Истиқлолимизнинг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилоятидаги имом-хатиб ва ноиблар ўртасида стол тенниси бўйича вилоят турнири бўлиб ўтди.


Соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган баҳсларда дин пешволари ўзларининг жисмоний тетиклиги ва маҳоратларини намойиш этдилар. Муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, совринли ўринлар қуйидагича тақсимланди:


1-ўрин: Абдулло домла Авезов (Қоракўл тумани, «Бозорхўжа» масжиди);


2-ўрин: Абдувоҳид домла Акрамоев (Бухоро шаҳри, «Волидайи Абдулазизхон» масжиди);


3-ўрин: Саддам домла Бобоқулов (Пешку тумани, «Хўжа Пешку» масжиди).


Ғолиб ва совриндорларга Бухоро вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Отабек домла Авезов томонидан эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.


Ислом динида тан саломатлиги ва жисмоний куч-қувватга алоҳида эътибор берилади. Бу каби спорт тадбирлари соҳа ходимлари ўртасида соғлом муҳит ва юқори кайфиятни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари