Cавол: Ғусл қилишда қиблага қараб ювиниш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар авратини тўсиб турадиган бирор мато кийиб ювинаётган бўлса, қиблага қараш ёки орқа қилишнинг зарари йўқ. Лекин яланғоч ҳолда ювинаётган бўлса, қиблага юзланмайди. Уламолар ғусл қилишнинг одобларини санаганларида мана шу масалани ҳам айтиб ўтганлар.
Жумладан, “Ҳошиятут Таҳтовий” китобида бундай дейилган: “Ғуслнинг одоблари таҳоратдаги одоблар кабидир. Фақат ғусл қилиш асносида қиблага юзланмайди (таҳоратда эса қиблага юзланилади). Чунки аксар ҳолатда ғусл қилувчиларнинг авратлари очиқ бўлади. Агар бирор кийим билан ғусл қилаётган бўлса, қиблага юзланишнинг зарари йўқ”.
“Раддул муҳтор” китобида бундай дейилган: “Агар изор (лунги) кийиб ғусл қилаётган бўлса, қиблага қараб ювинишнинг зарари йўқ”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Суҳбатларда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилгани, 100 та янги жоме масжид очилгани, кўплари ҳавас қиладиган даражада обод бўлгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Қуръони каримни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Учрашувларда риё-хўжакўрсин иллатлари, илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш ва бидъат-хурофотларни тарк этиш кабиларга ҳам тўхталинди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати