“Қуръон тиловат қилинганда Уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят).
Қуръон тиловати чоғида бошқа нарсаларга чалғимаслик талаб этилади.
Бир киши бу ҳақда бундай ҳикоя қилади:
“Қуръон ўқиётган эдим, қўлимда Мусҳаф бор эди. Телефонимга келган хабарларни ўқиш фикри хаёлимга келди. Мен қироатдан тўхтаб, телефонимга келган хабарларни бирин-кетин ўқий бошладим. Мусҳаф қўлимда турар эди. Хабарлар орасида Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини ўқиб, ўзимдан уялиб кетдим: “Ким махлуқотларнинг сўзидан воз кечиб, Аллоҳнинг Сўзига улфат бўлмаса, батаҳқиқ, унинг илми кам, қалби кўр бўлибди ва умрини зоe қилибди”.
Доктор Аҳмад Исо ал-Маъсаровий
Абдуллоҳ АБДУЛМАЖИД тайёрлади
Cавол: Уйда бир қанча Қуръон китоблари бор. Кўпроқ биттасидан фойдаланаман. Бошқаларини ҳам ўқишим керакми ёки биттасини ўқиётганим кифоя қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусҳафи шарифнинг эҳтиромига зид иш қилинмаса, уйда бир нечта мусҳафлар туришининг зарари йўқ. Нечта мусҳаф бўлса, ҳаммасидан ўқиш керак деган талаб ҳам йўқ. Чунки киши ўзига қулай ва кўзи ўрганган битта мусҳафдан қироат қилиши мумкин. Агар ҳаммасидан ўқиб турса ёки хатм қилишда ҳаммасидан фойдаланса, нур устига нур бўлади. Уламоларимиз одамлар ўқий олмаса ҳам, хайр-барака умидида уйида мусҳаф сақласа бўлади, дейишган. Жумладан, “Фатовои Қозихон” китобида бундай дейилган:
“Уйида мусҳаф тутган, лекин ўқимайдиган киши ҳақида уламолар: “Агар у бу иши орқали хайр-баракани ният қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди, балки бундан савоб умид қилинади”, дейишган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.