“Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий” ишлари бошқармаси ижтимоий тармоқларда ушбу икки муқаддас масжиднинг имом-хатиблари ва машҳур воизлари номидан фаолият юритувчи аккаунтларга қарши қатъий эканини билдирди.
“IQNA” сайтининг “Al-Khaleej” га таяниб хабар беришича, “Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий”ишлари бошқармаси ушбу икки муқаддас масжиднинг имомлари ва машҳур нотиқлари номидан ижтимоий тармоқларда фаолият юритувчи аккаунтларга қарши курашда қатъий қарор қилганини маълум қилди.
“Масжид ал-Ҳаром” ишлари бошқармасининг диний ишлар бўйича ўринбосари Бадр аш-Шайх, “Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий” нинг имомлари ва муаззинларининг ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай аккаунтлари йўқлиги ва уларнинг номи остидаги аккаунтларда қандай мавзулар эълон қилинганини тушунтирди, уларнинг шайхларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди. Бу аккаунтлар сохта бўлиб, уларнинг эгаларига ваколатли органлар томонидан қаттиқ чоралар кўрилади, деди у.
Якунда, шунингдек, барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига ушбу аккаунтларга обуна бўлишдан тийилиб, муқаддас қадамжолар ва бошқа тегишли масалаларга оид ҳар қандай маълумотни фақат “Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий” ишлари бошқармасининг расмий аккаунтлари орқали олишларини тавсия қилди. Бу баёнот “Масжид ал-Ҳаромда фаолият олиб борувчи имомлар ва муаззинлар номи остидаги аккаунтларда яқинда ноаниқ ҳадислар эълон қилингани ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кенг қаршилигига сабаб бўлганидан сўнг пайдо бўлди.
“Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий” идорасининг сўнгги баёнотида: “Масжид имомлари ва икки муқаддас жой муаззинларининг ижтимоий тармоқларда махсус аккаунтлари йўқ”, - дейилган.
Саудия Aрабистонида Твиттер, Фейсбук ва Инстаграм жуда машҳур, бироқ бу тармоқлардаги саудиялик фойдаланувчиларнинг фаоллиги мамлакат хавфсизлик органлари томонидан қаттиқ назорат қилинади. Шунингдек, саудияликлар Твиттернинг энг муҳим акциядорларидан бири бўлганлиги сабабли улар фойдаланувчи маълумотларига, айниқса, уйдирма номлар остида фаолият юритувчи фойдаланувчиларга кенг фойдаланиш имкониятига эга экани хабар қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Беҳисоб пул ва бойликларни чекиш-ичиш, кайфу сафо учун сарф қилиш – Аллоҳга шукр қилишми?!
Ёшлик даврини зино ва ҳаром ишлар билан ўтказиш – Аллоҳга шукр қилишми?!
Телефон орқали ўзгаларга зарар етказиш, ҳар хил бўлмағур ишларда фойдаланиш – Аллоҳга шукр бўладими?!
Егуликларни чиқинди қутисига ташлаш, уволни билмаслик – Аллоҳга шукр қилишми?!
Закотни ўз вақтида адо этмаслик, садақадан тийилиш – Аллоҳга шукр қилиш деганими?!
Интернетда фойдасиз нарсалар учун вақт ажратиш, вақтни бекорга зое қилиш – Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишми?!
Ахир Аллоҳ таоло бизларга шукр қилишни ва У Зотнинг фазлини эътироф қилишга буюрган-ку: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!»[1].
Қолаверса, Аллоҳ таоло шукр қилувчиларни азобламаслиги хабарини ҳам берган: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ шукрни қабул этгувчи ва билгувчи Зотдир»[2].
Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг давомли бўлишининг гаровидир: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”»[3]. «...Агар шукр қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У Зот сизлар учун рози бўлур...»[4].
Бу дунёда борлигимизга шукр қилиш – ота-оналаримизга яхшилик қилишимиздадир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги – ота-онанинг ризосидадир” [5], деганлар.
Қариндошчилик муносабатларини йўлга қўйиш, улар билан борди-келди қилиш, узилган ришталарни тиклаш ҳам Аллоҳ бизга қариндош, яқинлар бергани неъматининг шукридир. Набий алайҳиссалом бу борада: “Ризқида кенгчилик бўлиши, ажали ортга сурилиши кимни хурсанд қилса, қариндошчилик алоқаларини боғласин”, деганлар[6].
Садақа бериш – Аллоҳ бизни мол-дунё билан сийлагани учун шукр қилиш демакдир. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Набий алайҳиссалом: “Махфий қилинган садақа Яратганнинг ғазабини ўчиради. Қариндошчилик алоқаларини боғлаш умрни узайтиради. Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан асрайди”, [7] деганлар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 152-оят.
[2] Нисо сураси, 147-оят.
[3] Иброҳим сураси, 7-оят.
[4] Зумар сураси, 7-оят.
[5] Ибн Ҳиббон ривояти.
[6] Имом Бухорий ривояти.
[7] Имом Табароний ривояти.