Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизларга қолдириб кетган таълимотларидан бири шуки, мўмин киши илмсиз ҳолда ўзгалар билан талашиб-тортишмаслиги лозим бўлади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиганлар Аллоҳ томонидан ҳам, иймон келтирганлар томонидан ҳам қаттиқ ғазабга қолурлар. Аллоҳ шундай қилиб, ҳар бир мутакаббир ва зўровон қалбни муҳрлар” (Ғофир сураси, 35-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни илмсиз тарзда талашиб-тортишишдан қайтаришларига сабаб, илмсиз талашиб-тортишаётган киши жоҳиллиги туфайли бўҳтон ва ёлғон сўзларни айтади.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким илмни уламолар билан бирга юриш, жоҳиллар билан талашиб-тортишиш ёки одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса Аллоҳ таоло уни дўзахга киргизади” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисда “ким илмни уламолар билан бирга юриш учун ўрганса” дейилишидан мақсад, башарият манфаати учун, ёки ер юзини ободли учун ёҳуд ибодатни тўғри адо этиш учун эмас, балки одамлар уни олим десинлар учун, натижада олимлар қаторидан жой олиш учун ўрганган бўлса, дейилмоқда.
Демак, бундай кишида ихлос бўлмайди, ният тўғри бўлмаган бўлади ва у Аллоҳ учун холис илм олмаган бўлади. Шунинг учун ҳам унинг борар жойи дўзахдир.
Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир қавм ҳидоят топганидан сўнг адашмаган, фақат талашиб-тортиша бошлагач залолатга кетган”, дедилар ва ушбу оятни тиловат қилдилар: “Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар” (Зухруф сураси, 58-оят) (Имом Термизий ривояти).
Яъни улар ҳақни истамайдилар, мақсадлари фақат талашиб-тортишишдан иборатдир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ