Ҳуд алайҳиссаломнинг тўлиқ исмлари Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн Халуд ибн Од. Демак, у зотнинг қавми номи бобоси Од исмидан олинган. Насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом исмли ўғлига боради. Араблар Боида, Ориба ва Мустаърабага бўлинса, Од қавми боида ҳисобланади.
“Боида” – “ўтиб, тугаб кетган” деган маънони англатади. Ўша араблардан бўлган Од қавми саркашлиги билан машҳур. Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари “Од қавми қиссаси” дейилади.
“Ҳуд” сўзи "юмшоқ", "яхши", деган маъноларни билдиради.
Ҳуд алайҳиссаломнинг исмлари Қуръоннинг Аъроф, Ҳуд ва Шуаро сураларида жами 7 марта келган.
Қуръони Каримда битта сура Ҳуд алайҳиссаломнинг исми билан “Ҳуд” деб номланган бўлса, “Аҳқоф” сураси у зотнинг яшаган ер номидир.
Од қавми Яман, Уммон ва Ҳазарамавт ўрталиғидаги Аҳқоф номли маконда яшаб ўтганлар. Қавм одамлари баланд бўйли, баҳайбат кишилар бўлиб, улкан чодирларда яшаган.
Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмига ҳидоятга келиши ва жазо тариқасида уч йил ёмғир ёғдирмай қурғоқчилик юборди. Аммо қавм тавба қилмади, шунда Ҳуд алайҳиссалом дуо қилдилар ва бир зумда осмонни қора булут қоплади. Саркаш қавм булутни ёмғир ёғдирувчи деб ўйлади.
Бу Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳалок қилгувчи бало эди: "Од эса, даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳукмрон қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганини кўрасиз. Бас, улардан асоратни кўраяпсизми?!" (Ал-Ҳаққо, 6-8).
Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда яшадилар. У зот тўрт юз олтмиш ёшда вафот этгач, Тирийм номли шаҳарга дафн этилди.
Аъзам Облоқулов,
Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани "Сайфин ота" жоме масжиди имом-хатиби.
Манбалар:
"Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир";
"Пайғамбарлар тарихи".
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД