Исми: Ҳорун Ар-Рашид бин Муҳаммад Маҳдий бин Абдуллоҳ Мансур бин Муҳаммад бин Али бин Абдуллоҳ бин Абдулмуталлиб.
Куняси: Абу Жаъфар.
Халифалик даврлари: 786-809 милодий, 170-193 ҳижрий йиллар. 23 йил давлат бошқарувида бўлган.
Бошқарувининг энг ривожланган даври: 170 ҳижрий, 789 милодий йил бўлган.
Таваллуд йили: 149 ҳижрий; 766 милодий.
Туғилган жойи: Рай шаҳри, Аббосийлар давлатининг тоғли ҳудудида жойлашган[1].
Аёллари: Зубайда бинтин Жаъфар; Азиза бинти Солиҳ; Умму Муҳаммад[2].
Ўғиллари: Муҳаммад Амин, Абдуллоҳ Маъмун, Муҳаммад Муътасим, Қосим, Аҳмад Сабтий, Аднон, Али, Солиҳ, Муҳаммад Абу Яъқуб, Муҳаммад Абу Исо, Муҳаммад Абул Аббос Муҳаммад Абу Али.
Қизлари: Сакина, Умму Ҳабиба, Урва, Уммул Ҳасан, Ҳамдуна, Фотима, Умму Салама, Хадича, Уммул Қосим, Ромла, Умму Али, Умму Ғолия.
Онаси: Хузайрон бинтиб Аъто.
Отаси: Муҳаммад Маҳдий.
Ака-укалари: Мусо Ҳодий, Иброҳим, Абдуллоҳ, Али, Убайдуллоҳ, Мансур, Исъҳоқ, Яъқуб.
Диёнати: Сунний.
Сулоласи: Аббосийлар халифалигининг бешинчи халифаси.
Ҳорун Ар-Рашид араб маданияти билан тарбияланган, иқтидорли адиб ва шоир, заковатли олим ва эътиборли халифалардан эди.
Шунинг учун ҳам, унинг тушунчаси олимлар зеҳнияти билан баробар деган фикр ўша даврнинг ўзидаёқ мавжуд эди.
Ҳорун Ар-Рашиднинг қароргоҳи доимий равишда шоирлар, табиблар, ислом ҳуқуқшунос олимлари, кимёгарлар ва мусиқашунослар билан гавжум бўлган. Унинг ўзи кўпинча уламолар ва адиблар билан тез-тез баҳсу мунозаралар ўтказиб турган.
Гоҳида, шоирларни, улар ёзган шеърларни танқид қилиб, балоғат гап ва шеърни чўзиш эмас, маънони қисқа ва тез ифодаловчи илмдир, деган эди.
Имом Заҳабий айтади: “Ҳорун Ар-Рашид уламоларни ўзига яқин тутар, тортишув ва сергаплик уни ғазабини келтирар эди. Ўзи эса, қилган беҳуда ўйин кулгу ва гуноҳлари учун тинмасдан йиғлар эди. Хусусан, биров унга панд-насиҳат қилса, ўзини йиғидан тўхтатолмас эди”.
Хатиб Бағдодий айтади: "У фақиҳ ва фуқаҳоларни яхши кўрарди ва уламоларга ҳурмати юқори эди".
Ҳорун Ар-Рашид билан бир замонда яшаган ва ҳамсуҳбат бўлган машҳур адиб ва шоирлар Абу Тоҳия ҳамда Абу Саъийд Асъамийлар бўлган.
Ҳорун Ар-Рашидга замондош бўлган мазҳаббоши олимлар Имом Шофеъий ва Имом Молик бўлганлар.
Ҳорун Ар-Рашид Мадинаи мунавварадаги манзилини қасд қилиб сафарга чиққан пайтда Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Муватто” китобини унга ўқиб берганлар.
Илмий соҳада эса Ҳорун Ар-Рашид машҳур кимё олими Жобир ибн Ҳайённи ва унинг шогирдларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаган. Натижада, у ўз шогирдлари билан бирга кимиё илмида амалий тажриба ўтказиш методикасини яратган. Ўша даврда барча олимлар, адиблар, маданият ва санъат арбоблари Ҳорун Ар-Рашиднинг маданият, санъат, адабиёт, илм, фан ва шеъриятга бўлган муносабатини жуда катта мамнуният билан қадрлашган.
Милодий 795 йилга келиб Ҳорун Ар-Рашид халифалик қилган Аббосийлар давлатига қарашли бўлган баъзи бир ўлкаларда сиёсий ҳаракатлар пайдо бўла бошлади. Ўша йиллари Ҳорун Ар-Рашидга қарши қўзғолонлар кўтарилди, қўзғолончиларга у зудлик билан чора кўрди.
Милодий 795 йилда Қайс ва Қазоъа қабиласи Миср волийсига қарши жанг бошлади. Бу воқеадан хабар топган Ҳорун Ар-Рашид Ҳарсима ибн Аъюн қумондонлиги остида катта қўшин жўнатиб қўзғолончиларни мағлуб қилди.
Қўзғолончилар Миср волийсига итоат қилишга мажбур бўлдилар ва бўйинларига юкланган товон пулини тўлашда давом этди.
Ҳарсима ибн Аъюн бошчилигида Африкада Абдувайҳ Анборий раҳбарлигидаги яна бир катта фитнанинг алангаси ўчирилди. Бундай улкан қўзғалонни тинчитишда Яҳё Бармакий ҳам жуда муҳим рол ўйнади.
Милодий 793 йилда ҳам Аббосийлар давлатига қарашли бўлган Шом ўлкаларида ҳам баъзи бир фитналар бўлиб ўтди.
Хусусан, Ал-Мудария ва Ал-Ямония номли икки қабила ўртасида уруш бошланди. Бу икки қабила ўртасидаги уруш узоқ чўзилгач Ҳорун Ар-Рашид милодий 794 йилда қўшин жўнатиб, урушга якун ясади.
Шундан сўнг, энг охирги фитначи ва қўзғалончилардан бўлган Абул Хасиб Ваҳиб ибн Абдуллоҳ Тус ва Нишопур каби шаҳарларни босиб олди. Кейинроқ ҳозирги Туркманистонда жойлашган Марв шаҳрида мағлубиятга учради.
Ҳорун Ар-Рашид унга қарши Али ибн Исо ибн Маҳонни жўнатди. У милодий 783 йил фитначи Абул Хасиб Ваҳиб устидан ғалаба қилди. Бу воқеалардан сўнг Аббосийлар давлати Ҳорун Ар-Рашид бошчилигида ривожланишда давом этди.
Пўлатхон КАТТАЕВ,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.
[1] Ҳозирги Машҳад
[2] Аббосия, Журайшия, Усмония бўлганлар.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
Замонамизнинг етук алломаси, фақиҳи, устоз, шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Шу муносабат билан марҳумнинг барча оила аъзоларига, сафдошлари ва шогирдларига чуқур, самимий таъзия изҳор этамиз.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилсин, бу дунёда қилган хайрли амалларидан, хизматларидан ҳосил бўлган ажру савоблардан Қиёматга қадар баҳраманд қилиб, руҳларини шод қилсин, охиратларини обод қилсин, ваъдасига биноан, иззат тожини кийдирсин, илмига амал қилган уламоларга ваъда қилган ажру мукофотларидан баҳраманд қилиб, жаннатларига дохил айласин!
Ҳақ таоло бу олим бандасининг ҳаққига қилинадиган барча хайрли дуоларни ижобат қилсин!
Ушбу оғир жудолик дамларда марҳумнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, барча яқинларига гўзал сабр тилаб қоламиз.
Аҳли оилалари, фарзандлари ва ёр-биродарларига барча мўмин-мусулмонлар номидан, кўплаб шогирдлар номидан ҳамдардлик изҳор қиламиз, марҳумнинг ҳақларига дуода бўламиз.
Муборак жума кунида сиз азизлардан ҳам марҳумнинг ҳақларига дуолар қилишингизни сўраймиз.
«Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз», дейдиган сабрлиларга хушхабар беринг».
Маълумот ўрнида: Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.
Мисрнинг “Ал-Азҳар” университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратура босқичини (усулул фиқҳ) тамомлаган.
Усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга.
«Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи “Кашфул асрор” асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини ҳимоя қилган.
“Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари” докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган.
Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги ўрта мактабларда мударрислик қилган.
1989 йилдан Фатҳ Ислом институтида, 2006 йилдан ушбу таълим даргоҳининг юқори университет қисмида дарс берган.
2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заим масжидида мударрис сифатида фаолият юритди.
Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича ҳам мударрислик қилган. Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси саналади.
Ўтган забардаст уламолар, хусусан Имом Суютийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзилган “Дебож” номли шарҳини, Имом Косонийнинг “Бадоиъус-саноиъ” китобини, “Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ” китобини, Мерос илмига оид “Сирожия” китоби шарҳини, Мунзирийнинг “Арбаъийн фи истисноъил маъруф” китобини, Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини, Имом Мусилийнинг “Ихтиёр” китобини, “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш “Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий” китобини шарҳлаган ва таҳқиқ қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати