frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Фуқаҳоларни яхши кўрарган фақиҳ

13.05.2024   1443   6 min.
Фуқаҳоларни яхши кўрарган фақиҳ

Исми: Ҳорун Ар-Рашид бин Муҳаммад Маҳдий бин Абдуллоҳ Мансур бин Муҳаммад бин Али бин Абдуллоҳ бин Абдулмуталлиб.

Куняси: Абу Жаъфар.

Халифалик даврлари: 786-809 милодий, 170-193 ҳижрий йиллар. 23 йил давлат бошқарувида бўлган.

Бошқарувининг энг ривожланган даври: 170 ҳижрий, 789 милодий йил бўлган.

Таваллуд йили: 149 ҳижрий; 766 милодий.

Туғилган жойи: Рай шаҳри, Аббосийлар давлатининг тоғли ҳудудида жойлашган[1].

Аёллари: Зубайда бинтин Жаъфар; Азиза бинти Солиҳ; Умму Муҳаммад[2].

Ўғиллари: Муҳаммад Амин, Абдуллоҳ Маъмун, Муҳаммад Муътасим, Қосим, Аҳмад Сабтий, Аднон, Али, Солиҳ, Муҳаммад Абу Яъқуб,  Муҳаммад Абу Исо, Муҳаммад Абул Аббос Муҳаммад Абу Али.

Қизлари: Сакина, Умму Ҳабиба, Урва, Уммул Ҳасан, Ҳамдуна, Фотима, Умму Салама, Хадича, Уммул Қосим, Ромла, Умму Али, Умму Ғолия.

Онаси: Хузайрон бинтиб Аъто.

Отаси: Муҳаммад Маҳдий.

Ака-укалари: Мусо Ҳодий, Иброҳим, Абдуллоҳ,  Али, Убайдуллоҳ, Мансур, Исъҳоқ, Яъқуб.

Диёнати: Сунний.

Сулоласи: Аббосийлар халифалигининг бешинчи халифаси.

Ҳорун Ар-Рашид араб маданияти билан тарбияланган, иқтидорли адиб ва шоир, заковатли олим ва эътиборли халифалардан эди.

Шунинг учун ҳам, унинг тушунчаси олимлар зеҳнияти билан баробар деган фикр ўша даврнинг ўзидаёқ мавжуд эди.

Ҳорун  Ар-Рашиднинг  қароргоҳи доимий равишда  шоирлар,  табиблар, ислом ҳуқуқшунос олимлари, кимёгарлар ва мусиқашунослар  билан  гавжум бўлган. Унинг ўзи кўпинча уламолар ва адиблар билан тез-тез баҳсу мунозаралар ўтказиб турган.

Гоҳида, шоирларни, улар ёзган  шеърларни танқид қилиб, балоғат гап ва шеърни чўзиш эмас, маънони қисқа ва тез ифодаловчи илмдир, деган эди.

Имом Заҳабий айтади: “Ҳорун Ар-Рашид уламоларни ўзига яқин тутар, тортишув ва сергаплик уни ғазабини  келтирар эди. Ўзи эса, қилган беҳуда ўйин кулгу ва гуноҳлари учун тинмасдан йиғлар эди. Хусусан, биров унга панд-насиҳат қилса, ўзини йиғидан тўхтатолмас эди”.

Хатиб Бағдодий айтади: "У фақиҳ ва фуқаҳоларни яхши кўрарди ва уламоларга ҳурмати юқори эди".

Ҳорун Ар-Рашид  билан бир замонда яшаган ва ҳамсуҳбат бўлган машҳур адиб ва шоирлар Абу Тоҳия ҳамда Абу Саъийд Асъамийлар бўлган.

Ҳорун Ар-Рашидга замондош бўлган мазҳаббоши олимлар Имом Шофеъий ва Имом Молик бўлганлар.

Ҳорун Ар-Рашид Мадинаи мунавварадаги манзилини қасд қилиб сафарга чиққан пайтда Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Муватто” китобини унга ўқиб берганлар.

Илмий соҳада эса Ҳорун Ар-Рашид машҳур кимё олими Жобир ибн Ҳайённи ва унинг шогирдларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаган. Натижада, у ўз шогирдлари билан бирга кимиё илмида амалий тажриба ўтказиш методикасини яратган. Ўша даврда барча олимлар, адиблар, маданият ва санъат арбоблари Ҳорун Ар-Рашиднинг  маданият,  санъат, адабиёт, илм, фан ва шеъриятга бўлган муносабатини жуда катта мамнуният билан қадрлашган.

Милодий 795 йилга келиб Ҳорун Ар-Рашид халифалик қилган Аббосийлар давлатига қарашли бўлган баъзи бир ўлкаларда сиёсий ҳаракатлар пайдо бўла бошлади. Ўша йиллари Ҳорун Ар-Рашидга қарши қўзғолонлар кўтарилди, қўзғолончиларга у зудлик билан чора кўрди.

Милодий  795  йилда Қайс ва Қазоъа қабиласи Миср волийсига қарши жанг бошлади. Бу воқеадан хабар топган Ҳорун Ар-Рашид Ҳарсима ибн Аъюн қумондонлиги остида катта қўшин жўнатиб қўзғолончиларни мағлуб қилди.

Қўзғолончилар Миср волийсига итоат қилишга мажбур бўлдилар ва бўйинларига юкланган товон пулини тўлашда давом этди.

Ҳарсима ибн Аъюн бошчилигида Африкада Абдувайҳ Анборий раҳбарлигидаги яна бир катта фитнанинг алангаси ўчирилди. Бундай улкан қўзғалонни тинчитишда Яҳё Бармакий ҳам жуда муҳим рол ўйнади.

Милодий 793 йилда ҳам Аббосийлар давлатига қарашли бўлган Шом ўлкаларида ҳам баъзи бир фитналар бўлиб ўтди.

Хусусан, Ал-Мудария ва Ал-Ямония номли икки қабила ўртасида уруш бошланди. Бу икки қабила ўртасидаги уруш узоқ чўзилгач Ҳорун Ар-Рашид милодий 794 йилда қўшин жўнатиб, урушга якун ясади.

Шундан сўнг, энг охирги фитначи ва қўзғалончилардан бўлган Абул Хасиб Ваҳиб ибн Абдуллоҳ Тус ва Нишопур каби шаҳарларни босиб олди. Кейинроқ ҳозирги Туркманистонда жойлашган Марв шаҳрида мағлубиятга учради.

Ҳорун Ар-Рашид унга қарши Али ибн Исо ибн Маҳонни жўнатди. У милодий 783 йил фитначи Абул Хасиб Ваҳиб устидан ғалаба қилди. Бу воқеалардан сўнг Аббосийлар давлати Ҳорун Ар-Рашид бошчилигида ривожланишда давом этди.

Пўлатхон КАТТАЕВ,

ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси.

[1] Ҳозирги Машҳад

[2] Аббосия, Журайшия, Усмония бўлганлар.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўказилиши режалаштирилмоқда

10.08.2026   20558   2 min.
Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўказилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
 

Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:

  • Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;

  • Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;

  • Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.


Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.


Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.


Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари