Cавол: Нажосат теккан гиламларни карчер билан ювиб покласа бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиқишнинг иложи бўлмаган катта гиламларни сиз айтган услубда ювилганда пок бўлади. Чунки бундай ювиш жараёнида ювиш ускунаси (карчер) сувни гиламга пуркайди ва бу орқали гиламдаги нажосатни чиқариб юборади. Поклашдаги асосий нарса нажосатни йўқотишдир.
Фиқҳ китобларимизда гилам каби сиқишнинг иложи бўлмаган нарсаларни оқар сувга бир кеча оқизиб қўйиш орқали покланади деган гап гиламдаги нажосат чиқиб кетиши ва инсондаги васвасани йўқ қилиш учундир.
Ҳозирги кундаги карчерлар ҳам мана шу ишни, яъни гиламдаги нажосатни чиқариб юбора олади. Чунки у гиламни ювишда юқори босим билан сув пуркаб ювади. Агар мана шу сув пуркашни уч марта такрорласа, гилам пок бўлади. Бу борада “Ҳошиятут таҳтовий ала мароқил фалоҳ” китобида бундай жумлалар келади:
“Яъни нажас бўлган нарсани уч марта ювиш ва сиқиш деган шарт шу нарсани бир идишга ботирилган ҳолатга тегишли. Агар нажосат теккан мазкур нарса оқар сувга солинса ва устидан сув оқиб ўтса ёки сув кириб чиқиб кетадиган даражада уч марта кўп сув қуйса, тўлиқ пок бўлади. Бу ҳолатда сиқиш, қуритиш ва такрор сувга ботириш деган шарт бўлмайди. Ихтиёр қилинган гап мана шу. Бунда гилам ва бошқа нарсаларнинг фарқи йўқ. Уламоларнинг “Гиламнинг оқар сувга бир кеча оқизиб қўйиш” деган гаплари васвасани йўқ қилиш учун айтилган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Cавол: Уйда бир қанча Қуръон китоблари бор. Кўпроқ биттасидан фойдаланаман. Бошқаларини ҳам ўқишим керакми ёки биттасини ўқиётганим кифоя қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусҳафи шарифнинг эҳтиромига зид иш қилинмаса, уйда бир нечта мусҳафлар туришининг зарари йўқ. Нечта мусҳаф бўлса, ҳаммасидан ўқиш керак деган талаб ҳам йўқ. Чунки киши ўзига қулай ва кўзи ўрганган битта мусҳафдан қироат қилиши мумкин. Агар ҳаммасидан ўқиб турса ёки хатм қилишда ҳаммасидан фойдаланса, нур устига нур бўлади. Уламоларимиз одамлар ўқий олмаса ҳам, хайр-барака умидида уйида мусҳаф сақласа бўлади, дейишган. Жумладан, “Фатовои Қозихон” китобида бундай дейилган:
“Уйида мусҳаф тутган, лекин ўқимайдиган киши ҳақида уламолар: “Агар у бу иши орқали хайр-баракани ният қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди, балки бундан савоб умид қилинади”, дейишган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.