Cавол: Нажосат теккан гиламларни карчер билан ювиб покласа бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиқишнинг иложи бўлмаган катта гиламларни сиз айтган услубда ювилганда пок бўлади. Чунки бундай ювиш жараёнида ювиш ускунаси (карчер) сувни гиламга пуркайди ва бу орқали гиламдаги нажосатни чиқариб юборади. Поклашдаги асосий нарса нажосатни йўқотишдир.
Фиқҳ китобларимизда гилам каби сиқишнинг иложи бўлмаган нарсаларни оқар сувга бир кеча оқизиб қўйиш орқали покланади деган гап гиламдаги нажосат чиқиб кетиши ва инсондаги васвасани йўқ қилиш учундир.
Ҳозирги кундаги карчерлар ҳам мана шу ишни, яъни гиламдаги нажосатни чиқариб юбора олади. Чунки у гиламни ювишда юқори босим билан сув пуркаб ювади. Агар мана шу сув пуркашни уч марта такрорласа, гилам пок бўлади. Бу борада “Ҳошиятут таҳтовий ала мароқил фалоҳ” китобида бундай жумлалар келади:
“Яъни нажас бўлган нарсани уч марта ювиш ва сиқиш деган шарт шу нарсани бир идишга ботирилган ҳолатга тегишли. Агар нажосат теккан мазкур нарса оқар сувга солинса ва устидан сув оқиб ўтса ёки сув кириб чиқиб кетадиган даражада уч марта кўп сув қуйса, тўлиқ пок бўлади. Бу ҳолатда сиқиш, қуритиш ва такрор сувга ботириш деган шарт бўлмайди. Ихтиёр қилинган гап мана шу. Бунда гилам ва бошқа нарсаларнинг фарқи йўқ. Уламоларнинг “Гиламнинг оқар сувга бир кеча оқизиб қўйиш” деган гаплари васвасани йўқ қилиш учун айтилган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД