Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар: Эҳромда нималарга эътибор қаратиш керак? (4 қисм)
13.05.2024
89
2 min.
- Ҳажни ният қилиб эҳромга кирган зиёратчилар талбия айтиб Минога йўл оладилар.
- Минога чиқиб кетишдан олдин энг зарурий буюмлар олинади. Мино водийсига кетаётганда оддий уст бош олиб олинади. Ҳайит куни эҳромдан чиққандан кейин яна икки кун Минода тунаш учун керак бўлади;
- Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари, бармоқлари эса очиқ бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган, тор бўлмаган, ўзига атрофдагиларни жалб қилмайдиган даражада бўлиши талаб этилади.
- Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида халақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади. Ҳаж ва умра қилувчи аёл-қизлар пардозланмайди.
- Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-ниъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”.
- Минодан Арофатга борилади, Арофатдан Муздалифага борилади. Муздалифадан Минога қайтиб, катта Ақабага борилади ва шайтонга тош отиш амали бошланади. Биринчи тошни отиш билан «лаббайка» айтиш тўхтатилади.
- Ўзи тош ота олмайдиганлар: беморлар, кексалар ўрнига вакиллари тош отса бўлади.
- Тош отиб бўлгандан кейин аёлларнинг соч учидан бир бармоқ бўғини (2,5–3 см.) узунлигида соч кесилади. Сочи умуман йўқ ёки бор бўлса ҳам 3 см.га етмайдиган аёллар бошига қайчини юргизиб қўйишлари кифоя қилади.
- Ҳайитнинг учинчи куни аср намозига қадар ҳажнинг яна бир улкан рукни, яъни фарзи бўлган тавофи ифозани адо этишга киришилади.
- Каъбани айланиш – тавофни 7 марта қилади, 1 ёки 2 марта тавоф қилиб, бутунлай тарк этиш мумкин эмас.
- Тавоф вақтида таҳорат кетиб қолса, таҳоратни янгилайди ва тавофни келган жойидан давом эттиради.
- Тавоф вақтида зиёратчилар кўп бўлса, аёллар ҳажарул асвадга яқинлашишга ҳаракат қилмасликлари керак.
- Саъй бошлашда Сафодан Марвагача 1 саъй, Марвадан Сафогача 2-саъй ҳисобланади. 1 та ёки 2 та саъй қилиб кетиб қолинмайди. Сафо ва Марвадаги саъй 7 марта бўлади.
- Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) аёллар югурмайди.
- Эҳром вақтида ҳеч ким билан талашмайди, ҳеч кимнинг ҳақига хиёнат қилмайди.
- Эҳромда ҳидли хушбўйликлардан эҳтиёт бўлиш мақсадида Каъба атрофида айланаётганда қўлларни Каъбага суртмаслик талаб этилади.
- Эҳромда атир совун, нам салфетка, мушк анбар, ҳидли тагликлар, косметикалар ишлатиш мумкинмас.
- Бирор ўсимликнинг баргини юлиш, ҳидлаш мумкин эмас.
- Жониворларга озор берилмайди.
- Аёллар эҳромда кийимларини алмаштиришлари мумкин.
- Дунё нафсидан узилиб, фақат зикр билан машғул бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими.
МАЪЛУМОТНИ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА УЛАШИНГ