Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консуллигига брайл алифбосида чоп этилган муқаддас Қуръони Карим китобларини тақдим этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Техник-ҳамкорлик ва грантлар асосида қабул қилинган ушбу муборак китоблар Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятига тақдим этилиши назарда тутилган.
Мазкур беғараз ёрдам шаклида берилган китоблар 15 минг АҚШ долларига тенг.
Брайл алифбосидаги ушбу муқаддас Қуръон китоблари тез кунларда Ўзбекистонга етказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати