Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лã илãҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) бўлса, жаннатга киради» дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: “Ким ҳар фарз намоз ортидан Оятул Курсийни ўқиб юрса, жаннатга киришдан уни фақат ўлим тўсиб туради”, дедилар (Имом Насоий ва Имом Табароний ривояти).
Бир киши ҳикоя қилади: «Бу воқеага қирқ йилча бўлди. Сентябр ойининг охирги кунлари, эрталаб машинамда ишга кетяпман. Ҳосилдор пахтазорлар ёнимдан лип-лип ўтади. Олдимда елиб кетаётган “Колхида” русумли тиркамали улов йўлнинг ўнг тарафига ўтди. Мени кўриб йўл берди деб ўйлаб, ёнидан қувиб ўтиш учун газни босдим. Афсуски, ҳайдовчи мени кўрмаган экан. “Колхида”нинг кабинаси илоннинг боши сингари бир зумда мен томонга бурилди. Машинамнинг тормозини босишга ҳам улгурмадим. Қарсиллаб урилган овозга қўшилиб тилимдан беихтиёр “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимаси отилиб чиқди. “Колхида”га урилган машинам осмонга сапчиб, пачақланиб, йўл четидаги канал ичига кўндаланг бўлиб тушди.
Мен “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимаси тилимга қандай келганини билмадим, аммо кўксим ҳавога тўлиб таранг тўп мисоли юмалоқ ҳолда рул чамбарагини эгиб юборган эди. Кўксим эзилган, аммо тирик қолган эдим. Бу хулосани шифокорлардан эшитдим. Дунёвий (моддий) азиятдан Аллоҳнинг зикри ҳимоя этишини амалда ҳис қилдим».
Оятул Курсийни беш вақт намоздан сўнг, саҳар уйғонганда ҳамда кечки уйқудан олдин ўқишга одатланиш айнан суннатга мувофиқдир. Оятул Курсийдаги зоҳирий ва ботиний ҳикматларни Аллоҳнинг Ўзигина билувчидир.
Аллоҳнинг Каломидан ушбу оят тафсирини ҳадиси шариф билан муштарак ҳолда тушунишга ҳаракат қиламиз.
“Аллоҳ – ҳамиша барҳаёт ва абадий турувчи Аллоҳдир ва Ундан ўзга илоҳ йўқ. Мудроқ ҳам, уйқу ҳам тутмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Еру осмонлардаги барча махлуқотлар ўзиники бўлган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Қиёмат кунида Унинг изнисиз ҳеч бир кимса гуноҳкорларни шафоат қила олмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Одамлардан олдин ва кейинги содир бўлган ва бўладиган нарсаларни билувчи (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Унинг илмидан У билдирган миқдорича одамлар англайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Курсиси осмонлару Ерни ҳам қамраб олган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Уларни сақлаб туриш чарчатмайдиган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ). Олий ва Буюк бўлган (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ)”.
Ушбу ояти карима ва юқоридаги ҳадиси шарифдаги муборак мужда шуки, ҳар бир мўмин киши ўзига ва яқинларига раво кўрадиган жаннатга кириш неъматидир.
Бирон кишининг уйига кирмоқчи бўлсак, ояти каримага мувофиқ, аввало, хонадон эгасидан изн сўрашга буюрилганмиз (Нур сураси, 27–29-оятлар). Охират диёри ва жаннатнинг мутлақ Соҳиби, шубҳасиз, Аллоҳ таолодир. У Зотнинг “уйи”га киришнинг калити “Лã илãҳа иллаллоҳ” калимасидир.
Кўзимиздан нур, белимиздан қувват кетиб, ўлим фариштаси эшик қоқиб турганда, охират диёри Соҳибининг яккаю ягона эканини тилга олиш, уни айта олиш чинакам мўмин-мусулмон кишигагина насиб этади.
Шаҳодат калимасини айтиб омонатни топшириш саодатдир. Бу саодатга умр бўйи тоат-ибодатда яшаган, эзгу ишларни кундалик аъмолига айлантирган киши мушарраф бўлади. Фазилат жиҳатидан эса, барча намозлардан сўнг Оятул Курсийни ўқиб юриш ҳам иймон саломатлигига кафолатдир.
Абдумуталиб ОТАБОЕВ,
Жиззах вилояти
“Холид ибн Валид” жоме масжиди
имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД