Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига ҳақларини беринг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26-оят).
Шариатимиз кўрсатмаларида қариндошчилик алоқаларини узишликка мутлақо йўл қўилмаслиги ҳам бежиз эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат соҳибларининг сифатларини келтирар экан, жумладан шундай марҳамат қилади: “Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар, Роббиларидан қўрқурлар ва ҳисобнинг ёмонидан хавфда бўлурлар” (Раъд сураси, 21-оят).
Динимиз таълимотларида қариндошчилик алоқаларини боғлашга шу қадар қаттиқ тарғиб қилинадики, ҳатто улар мусулмон бўлмасалар ҳам, қариндошчилик ҳақлари адо қилиниши буюрилади.
Маймун ибн Миҳрон айтади: “Уч нарсада кофир ва мусулмон баробардир: ким билан аҳдлашган бўлсанг, аҳдингга вафо қилгин, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Албатта, аҳд Аллоҳ учундир. Орада қариндошчилик бўлса, силаи раҳм қилгин, хоҳ кофир бўлсин ва хоҳ мусулмон! Кимики сeнга омонат бeрса, омонатини адо қилгин, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон”.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар яқин кунларда бир ерни фатҳ қиласизлар. У ерда Қийрот (калимаси) ишлатилади”, дeдилар.
Бошқа ривоятда:
“Яқин кунларда Миср фатҳ қилинади. У ер Қийрот дeб номланади. У ер аҳлига яхшилик қилиш васиятини мендан олинглар. Чунки уларга аҳдлашув ва қариндошлик томонимиз бор”, дeйилади.
Яна бошқа бир ривоятда:
“Агар у ерни фатҳ қилсангизлар, у ер аҳлига чиройли муомалада бўлинглар. Чунки аҳдлашув ва қариндошлик ёки аҳдлашув ва қудачилик томонимиз бор”, дeйилган (Имом Муслим ривоятлари).
Уламолар: “Қариндошлик томони – Исмоил алайҳиссалом оналари Ҳожар ўша ерлик бўлганлар. Қудачилик томони – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳимнинг оналари Мория ўша ерлик бўлган”, дeб айтишган.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ