Мусулмон – пешонаси ярақлаган инсон. Чунки у ўзининг қанчалик ожиз, Холиқ таолонинг улуғлигини эътироф этган ҳолда бошини сажда қўйганидаги ҳузур-ҳаловатни туйиши катта неъматдир.
Мўминнинг ана шу сифати ояти каримада: “Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир” (Муъминун сураси, 2-оят), деб мақталади. Намозхоннинг доимо хушу билан бошини ерга қўйиши унинг пешонасида сажда изларининг пайдо бўлишига, бу белгилар дунё ва охиратда унинг пешонаси ярақлаганига, яъни танилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир...” (Фатҳ сураси, 29-оят).
Мўминларнинг шундай сифатлари Таврот ва Инжилда ҳам келган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзах Одам боласининг сажда изинигина емайди. Чунки Аллоҳ дўзахга сажда изини ейишни ҳаром қилган”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Имом Муслим ривоят қилган хадисда Савбон розияллоҳу анҳу бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мени жаннатга киритадиган амал ҳақида сўрадим. У зот: “Кўп сажда қил, чунки сен Аллоҳ учун бир марта сажда қилсанг, Аллоҳ таоло бу билан сени бир даража юксалтиради ва сендан битта хатони ўчиради”, дедилар.
Демак, кўп сажда қилиш туфайли гуноҳлар ўчирилади.
Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул, вужудимизда сажда изларини барқарор айласин!
Руҳиддин АКБАРОВ
Ҳурматли юртдошлар, muslim.uz портали ижодкорлари сиз азиз мухлисларимизга янги "Мушоҳада" номидаги лойиҳани тақдим этмоқда. Унда бугунги ҳаётимиздаги долзарб муаммолар, турли ижтимоий иллатларга динимиз таълимотидаги ечимлар ҳақида уламолар, соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари бериб борилади, иншааллоҳ.
Тўй – деса халқимиз борини беришга тайёр. Тўй куни тўйхонага дабдаба билан кириб келган икки ёшнинг бахтли онларини кўриб ҳамманинг севинчи ичига сиғмайди. Қани энди, мана шу хурсандчилик билан бошланган янги ҳаёт остонаси, бир умр мустаҳкам бўлса. Минг афсуски не не умидлар билан боғланган никоҳ ришталари гоҳида йил, гоҳида ой баъзида эса кун ўтмай узиляпти. Турли арзимаган сабаблар билан ёш оилалар барбод бўляпти...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати