Маълумки, фитна одам ўлдиришдан ҳам кўра ёмонроқдур. Араб тилида “фитна” сўзи луғатда “синов”, “имтиҳон” маъносида келади. Арабларда маъданни ўтга солиб синаб кўриш “фитна” дейилади.
Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни динда бўладиган турли фитналардан огоҳлантирган эди. Биргина Бақара сурасининг тўртта оятида мусулмонларни мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириш ҳақида сўз боради: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Анъом” сурасининг 151-153-оятларида шариат аҳкомларидан ўнтасини баён қиладики, “Қуръоннинг таржимони” деб ном олган улуғ муфассир, саҳобий, юксак илм соҳиби Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича бу оятлардаги ҳукмлар ҳеч бир китобларда мансуҳ бўлмаган, яъни на Тавротда, на Инжилда на Забурда ва на бошқа илоҳий саҳифаларда бу ҳукмлар ўзгармаган. Ислом шариатида ҳам шу аҳкомлар жорий қилинган:
Аллоҳ таборака ва таоло “Оли Имрон” сурасида бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг арқонини жам бўлган ҳолда тутинглар ва бўлиниб кетманглар!”.
“Арқон”ни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қурон” деб тафсир қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматнинг етмиш уч фирқагача бўлиниб кетишини башорат қилганлар. Шу етмиш уч фирқадан фақат биттасигина нажот топиб, қолганлари ҳалокатга кетишини унутмайлик.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْأَوَّلِينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الآَخرينَ وَصَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ في النَّبِيِّينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْمُرْسَلِينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْمَلَاءِ الْأَعْلَىٰ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ اَللّهُمَ أَعْطِ مُحَمَّدًا الوَسِيلَةَ وَالْفَضيلَةَ وَ الشَّرَفَ وَ الدَّرَجَةَ الْكَبِيرَةَ
Ўқилиши: Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин фил аввалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил ахирийна ва солли ъала Муҳаммадин фин набиййийна ва солли ъала Муҳаммадин фил мурсалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил малаил аъла ила явмиддийн. Аллоҳумма аъти Муҳаммаданил васийлата вал фазийлата вaш шapoфa вaд дapожатал кабийрота!
Маъноси: Аллоҳим! Аввалгилар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, кейингилар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, набий (пайғамбар)лар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, мурсал элчи расуллар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, малаул аълода энг олий, шарафли зотлар орасида то қиёмат кунигача ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир! Аллоҳим! Ҳазрати Муҳаммадга васийла (жаннатдаги энг олий мақом), фазилат, шараф ва улуғ даража ато қил! («Ал-адъийатул-воридаҳ», 64-с).
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Васийла жаннатдаги энг юксак бир мақомдирки, унга фақат бир киши эришади. Умид қиламанки, ўша киши мен бўламан».
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз амрларига мувофиқ ул зотга васийла тилангани учун бу салавот ҳам жуда савоблидир.
«Энг гўзал салавотлар» рисоласидан