Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Ноябр, 2024   |   01 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:36
Қуёш
06:56
Пешин
12:12
Аср
15:35
Шом
17:20
Хуфтон
18:34
Bismillah
02 Ноябр, 2024, 01 Жумадул аввал, 1446

Ким фарзандига “Муҳаммад” деб исм қўймаса жоҳил бўладими?

16.05.2024   158   1 min.
Ким фарзандига “Муҳаммад” деб исм қўймаса жоҳил бўладими?

Cавол: Танишларимдан бири менга “Кимнинг учта фарзанди бўлса-ю, улардан бирортасига Муҳаммад деб исм қўймаса, аниқ жоҳиллик қилибди”, деган ҳадис жўнатди. Ҳақиқатда ҳам шундай ҳадис борми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.

Ундан ташқари мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар ҳам китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар. Саволда айтилган ҳадисни ҳам уламолар уйдирма ҳадис эканини айтганлар.

Жумладан, Ибн Жавзийнинг “Ал-Мавзуъот” асарини Шамсуддин Заҳабий раҳимаҳуллоҳ мухтасар тарзда баён қилиб, китоб ёзган. Китобнинг тўлиқ номи “Талхийсу китаб “Ал - Мавзуъот” ли Ибн Жавзий”дир. Мазкур китобда бир қанча уйдирма ҳадислар қаторида саволда сўралган ҳадис ҳам келтирилган. Ундан ташқари “Кимнинг учта фарзанди бўлса-ю, улардан бирортасига Муҳаммад деб исм қўймаса, бу иши фарзандларига нисбатан жафодир”, деган уйдирма ҳадис ҳам киритилган. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Ислом фиқҳи асослари” ўқилиши шарт бўлган китоб

31.10.2024   2769   3 min.
“Ислом фиқҳи асослари”  ўқилиши шарт бўлган китоб

Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тои­фаларга раддиялар берадиган китоб­ларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.


Яқинда Ўзбекистон мусул­монлари идораси раиси­нинг биринчи ўринбо­сари Ҳомиджон қори Ишмат­бе­ковнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.


Муаллиф ёзади: “Кейин­ги йилларда мавжуд мазҳаб­ларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чал­ғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.


Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.


Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни ­тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жу­да катта хатодир.


Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қу­лоқ солганларини келтирган.


Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилди­лар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.


Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин. 

Т.НИЗОМ

МАҚОЛА