Cавол: Танишларимдан бири менга “Кимнинг учта фарзанди бўлса-ю, улардан бирортасига Муҳаммад деб исм қўймаса, аниқ жоҳиллик қилибди”, деган ҳадис жўнатди. Ҳақиқатда ҳам шундай ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Ундан ташқари мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар ҳам китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар. Саволда айтилган ҳадисни ҳам уламолар уйдирма ҳадис эканини айтганлар.
Жумладан, Ибн Жавзийнинг “Ал-Мавзуъот” асарини Шамсуддин Заҳабий раҳимаҳуллоҳ мухтасар тарзда баён қилиб, китоб ёзган. Китобнинг тўлиқ номи “Талхийсу китаб “Ал - Мавзуъот” ли Ибн Жавзий”дир. Мазкур китобда бир қанча уйдирма ҳадислар қаторида саволда сўралган ҳадис ҳам келтирилган. Ундан ташқари “Кимнинг учта фарзанди бўлса-ю, улардан бирортасига Муҳаммад деб исм қўймаса, бу иши фарзандларига нисбатан жафодир”, деган уйдирма ҳадис ҳам киритилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Суҳбатларда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилгани, 100 та янги жоме масжид очилгани, кўплари ҳавас қиладиган даражада обод бўлгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Қуръони каримни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Учрашувларда риё-хўжакўрсин иллатлари, илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш ва бидъат-хурофотларни тарк этиш кабиларга ҳам тўхталинди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати