Индонезияда мусулмонлар оқсоқоллари кенгаши томонидан “Динлар ва иқлим ўзгариши” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Aнжуман доирасида “Диний эътиқодлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича хабардорликни қандай шакллантиради” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Мусулмонлар оқсоқоллар кенгаши аъзоси, Малайзиянинг собиқ Дин ишлари вазири доктор Зулкифли Муҳамад Aл-Бакри одамларни экологик муаммолардан хабардор қилишга қаратилган диний тушунча ва қадриятлар ҳақида маълумот берди.
Aл-Бакрий диннинг маънавий-ахлоқий нуфузи ва сайёрамиздаги миллиардлаб одамлар онгига чуқур таъсири туфайли ХХI асрда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда улкан аҳамият касб этиши мумкинлигини таъкидлади, деб ёзади “Islamnews” see.news га таяниб.
Индонезиянинг “Наҳдатул-улама” ислом ташкилоти раиси ўринбосари Зулфа Мустофа диндорлар учун кўрсатма ва тавсияларни шакллантириш учун экология мавзусида диний-ҳуқуқий тадқиқотлар олиб бориш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати