Энди қайтиш чиптаси ва камида 6 ой амал қиладиган хорижий паспортга эга Ўзбекистон фуқаролари Қатарга визасиз ташриф буюриши мумкин.
Жорий йилнинг 5 июндан бошлаб Қатар фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонга киришда 30 кунлик визасиз режим жорий этилди, деб ёзади Кун.уз.
Қатар ҳукуматининг электрон визалар расмий порталида Ўзбекистон визасиз кириш мумкин бўлган 101 давлат қаторига киради. Қайд этилишича, Қатарга визасиз кириш учун бир қанча шартлар мавжуд.
Хусусан, чет элга чиқиш учун паспортнинг амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги, ташриф буюрувчининг бошқа давлатга қайтиш ёки чиқиш чиптаси бўлиши керак.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатда 30 кун давомида визасиз қолишлари мумкин.
Жорий йилнинг июнь ойида Қатар Aмири Шайх Тамим бин Ҳамаднинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Қатар фуқароларининг Ўзбекистонга кириши учун визасиз режим жорий қилингани маълум қилинган эди.
Мазкур фармонга мувофиқ, қатарликлар Ўзбекистонга 30 кун муддатга визасиз киришлари мумкин.
Шу йилнинг 21 август куни “Centrum Air” авиакомпанияси Ўзбекистон ва Қатар пойтахтлари ўртасида биринчи тўғридан-тўғри чартер рейслари бошланганини эълон қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабарингиз бор, Ўзбекисто Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида йирик халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, профессор Музаффар Комилов ўртасида учрашув ўтказилди.
Суҳбат аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш энг устувор вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди.
Мусулмон донишмандлари кенгаши билан алоқаларни ривожлантириш, диний бағрикенглик ҳамда анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Мусулмон донишмандлари кенгаши билан ҳамкорликда буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд шаҳрида қайта барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси фаолияти доирасида самарали алоқаларни йўлга қўйиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари учун аҳиллик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни турли хавф-хатарлардан асраш масалалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бу йўналишда томонлар кенг ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, делегациялар ташрифларини амалга ошириш, биргаликда турли илмий ва амалий тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.