Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Никоҳ ҳам ибодат

20.05.2024   867   4 min.
Никоҳ ҳам ибодат

Сарлавҳани ўқиб, никоҳ ҳам ибодат бўлиши мумкинми, дейишга шошилманг. Биз ибодат деганда фақат намоз ўқишни, рўза тутишни, ҳаж қилишни тушуниб қолганмиз. Аслида, ибодатнинг қамрови кенг. Холис Аллоҳ учун қилинган ҳар бир амал ибодатдир.

Оила қадр-қиммат, меҳр-оқибат, яхшилик, эзгулик, инсоф-диёнат, тўғрилик ўргатиладиган, минг йиллик урф-одатларимиз илдиз отадиган ажойиб гўшадир. Оилада болалар тарбияланади, диний қадриятлар улуғланади. Бир сўз билан айтганда, бу маскан инсон камолотида муҳим ўрин тутади.

Муқаддас динимиз таълимоти биз мўмин-мусулмонларга соғлом эътиқодни, ибодатларни адо этиш тартибини ўргатиш билан бирга, муомалот маслаларида ҳам ўзининг илоҳий кўратмаларини берган.

Аллоҳ таоло пайғамбарлар орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунларни жорий қилган. Оила қуриш Исломдан аввал ҳам бўлган, лекин оилада эрнинг ва аёлнинг ҳуқуқлари ва масъулиятлари тўлиқ кўрсатиб берилмаган. Ислом келгач, бу масала ҳам ҳал этилди.

Аллоҳ таоло барча мавжудотларни жуфт-жуфт қилиб яратди. Бу ҳақда Рум сурасида марҳамат қилади:

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً

 إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (21-оят).

Жамиятнинг шоҳасари бўлган оила қуришга тайёрланиш, никоҳ қуриб, умматнинг сафини кенгайтириш йўлида елиб-югуриш ҳам ибодатдир. Намозимиз мукаммал бўлиши учун, аввало, таҳоратни тўлиқ қилиш керак. Рўзамиз тўкис бўлиши учун нафсимизни тийганимиз каби никоҳимиз барқарор бўлиши учун оила илмини билишимиз керак.

Одам вафот этса, ҳамма иши тўхтайди. Илло, никоҳ жаннатда ҳам давом этади. “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”, дейилади “Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ” фаслида.

Шундай экан, оилага, турмуш қуриш масаласига панжа орасидан қарамаслик керак. Бу масалага беэътибор бўлган жамият таназзулга маҳкум эканини статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди.

Дунё миқёсида Бельгия 70 фоиз ажрим билан оилаларнинг барбод бўлиши бўйича биринчи ўринда, Чили 3 фоиз ажрим билан охирги ўринда турибди. Юртимизда ҳам оилавий ажримлар кўпаяётганини кишини ташвишга солади.

Ота-оналар фарзандини ёш, одоб-ахлоқ жиҳатидан оила қуришга тайёр эканига қаноат ҳосил қилишлари, сўнг никоҳдан ўтказишлари шарт. Умр савдоси бўлган никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ҳамда кенгаш билан амалга оширилгани маъқул. Зеро, ҳадиси шарифда: “Қизларни турмушга бериш борасида оналари билан маслаҳатлашинглар”, дейилган.

Эрта никоҳ ҳам қатъий қораланади. Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқишлари ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Шубурма ва Баттийлар мутлақо салбий фикр билдиришган. Ислом шариатида хотин-қизларни ҳам илм-маърифатли, ҳаётида зарур бўладиган маълумотларга эга бўлишларига ун­довчи ҳадислар кўп. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарз”, дея марҳамат қилганлар.

Балоғат ёши – бу камолот ёши эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби ҳам бутунлай ўзгача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотига кўра, илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур кўникмаларни ўрганиш ҳар бир аёлга фарздир. Булардан олдин турмушга чиққан қизнинг ўқишлари сустлашгани, оила юмушларида қийналгани, эпсиз уй бекаси ҳамда бўлажак фарзандларнинг тарбияси ишончсиз қўлларда қолганининг гувоҳи бўлинади. Илмли, касб-ҳунарли аёлгина фарзандини яхши инсон қилиб тарбиялай олади.

Хуллас, никоҳ ва оила қуриш жуда катта масъулият ва ибодатдир. Бежиз Мирзо Кенжабек:

Агар жуфти ҳалол бирла кўнгилхушлик этар бўлсанг,

Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир.

Бу Исломдир, бутун умринг ибодат ҳолига келгай,

Ва огоҳлик билан ўтган шу фурсат ҳам ибодатдир, демаган.

 

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

10.01.2025   1698   1 min.
Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

 Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
 Агар у пири‌т (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!

Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:

وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا

"Улар: “Биз суякларга  ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).

Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.

Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ