Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

ЭРТА ТУРМУШНИНГ МУШТИ

20.05.2024   1298   6 min.
ЭРТА ТУРМУШНИНГ МУШТИ

Эрта никоҳ деганда балоғат ёшига етмаган йигит ва қиз ўртасида тузилган иттифоқ тушунилади. Эрта никоҳга кириш ҳолатлари, айниқса, қизларимиз орасида кўпроқ учраётгани ташвишга солади кишини. Чунки 16-18 ёш уларнинг айни ўқийдиган, бирор касбни эгаллайдиган даври саналади. Ҳали ҳаётда ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, маънавий жиҳатдан етук бўлишга улгурмаган қизни қандай қилиб оиладек муқаддас гўшани барпо қилишга йўллаш мумкин? Қолаверса, бўй-басти, ташқи кўриниши жиҳатдан балоғатга етгандек бўлиб кўрингани билан “Коллеж ўқувчиси” мақомидаги келинчак ҳали оилавий ҳаётда бажариладиган турли вазифаларга етарли даражада тайёр бўлмайди. Натижада ҳомиладорликка тайёр эмаслиги, гўдак парвариши борасидаги нўноқлик, рўзғор юритишдаги тажрибасизлик, эрига нисбатан эътиборининг пасайиши, қайнонанинг талабларига тўла жавоб бера олмаслик холатлари юзага келади. Балоғат ёшига етмаган йигит-қизлар оила қуришнинг масъулиятини тўлалигича ҳис қила олмайдилар. Ҳаётий тажрибага эга бўлмаган бу ёшдагилар ўртасида ўзаро ҳурмат, оғир дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга қарши биргаликда курашиш каби хусусиятлар тўлиқ шаклланмаган бўлади. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, эрта никоҳ қуриш ўз навбатида тўлиқ билим олишга, ҳунар эгаллашга ҳам тўсқинлик қилади. Натижада бундай оилаларда моддий жиҳатдан етишмовчиликлар юзага келади. Бу эса ўз навбатида оилавий можароларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Охир-оқибат янги келин-куёв бир-бирларига мослашишга улгурмай, оилавий муносабатлари дарз кета бошлайди. Бундай никоҳларнинг аксарияти оилавий ажралишлар билан якун топаётгани оила мустаҳкамлигига бир қадар масъул инсонлар сифатида бизни ҳам ташвишга солади. Миллий қадриятларимизга зид бўлган бундай нохуш ҳолатларнинг омили айрим оилаларнинг қизларини мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги уқувсизлиги, бу жараённинг моҳиятини тўла англаб етмаслиги, шунингдек, бу борада назарий ва амалий билим олиш имконини берувчи манбаларнинг етарли эмаслиги деб ўйлайман. Қизларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш ўта мураккаб жараён саналади. Афсуски, орамизда бу масъулиятли вазифани уддалаш у ёқда турсин, ўз фарзандлари билан маълум масалаларда очиқ-ойдин мулоқотда бўла олмайдиган ота-оналар ҳам учраб туради. Қолаверса, келин ва куёв муносабатларининг мазмунини уларга англатиш вазифасининг қизнинг янга (келинойи)лари, йигитнинг жўралари зиммасига юклаш анъаналарининг мавжудлиги ота-оналарнинг бу жараён моҳиятини тўла тушунмасликларига сабаб бўлмокда. 

       Бир танишим ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаган қизни келин қилаётгани, ёш ‘‘ниҳол’’ни ‘‘эгиб’’ олиш осон бўлиши ҳақида мақтаниб сўзлаб юрди. Тўйдан сўнг ёшгина келинчакни йўлга солиш у ўйлагандек осон эмаслиги маълум бўлиб қолди. Янги оила 1,5 ойгина яшади, холос. Қайнонанинг гапига қараганда, келин жуда қайсар, эрка, уқувсиз, фаросатсиз эмиш. Ёш болага ўхшаб, аразлаб кетиб қолаверармиш… Муқаддас саналмиш бир оиланинг тақдири шу тариқа якун топишига ким айбдор? “Онасининг қарори” билан турмушга чиқишга рози бўлган қизми? Орзу-ҳавасларини тезроқ рўёбга чиқариш ёки фарзанди олдидаги масъулиятидан эртароқ қутулиш мақсадида эрта никоҳнинг салбий оқибатларини била туриб, қизини турмуш қуришга ундаган онами? Ё бўлмаса, навниҳол келинчакни ўз бағрига олиб, билмаганларини ўргатиб, йўлга солиш ўрнига, уни уқувсизликда айблаган қайнонами? Ким айбдор бўлмасин, энди уни қидиришдан нима наф? Ғишт қолипидан кўчиб бўлди-ку ахир.
    Фарзандларнинг бахти, камолини кўришни ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ оналаримиз орзулашади. Лекин аксарият ҳолларда эрта турмуш қуриш тўғрисидаги қарорнинг ташаббускори ҳам айнан оналарнинг ўзлари эканлиги бизни ўйлантиради. Эрта турмуш қурган ёш оилаларнинг арзимас сабаблар билан ажрашиб кетаётгани жабрини бегуноҳ норасидалар тортаётгани эса янги муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Ёшларимизнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, келгуси оилавий ҳаётини муаммосиз ташкил этиши масаласи давлатимизнинг устувор йўналиши қилиб белгиланган, бу эзгу мақсадларга амалга ошириш учун қанчадан-қанча маблағ сарфланаётган бир пайтда ота-оналаримиз, бува ва бувиларимиз фарзандларининг келажагини бу тарзда ҳал этишларини қандай баҳолаш мумкин?! Халқимизда “Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал” деган пурмаъно ҳикмат бор. Эрта никоҳ муаммосини ёшлар, ота-оналар, маҳалла мутахассислари билан хамкорликда “Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзусида суҳбатлар ўтказилса, оналар ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларини кўпроқ олиб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.  Шунингдек, маҳаллаларда фаол аёллар ролини кучайтириш бўйича тадбирларга эътиборимизни қаратишимиз зарур. Зеро, оилаларнинг бахтли, мустаҳкам, фаровон бўлишида онанинг, аёлнинг ўрнини ҳеч ким босаолмайди. Ҳазрат Алишер Навоий: 

                    “Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,

                     Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам”, 

дея хитоб қилганида эл бошига тушган жафонинг юки қанчалар оғир эканлиги, унга бефарқлик эса кўпчиликнинг бу кулфат домига тортилишига сабаб бўлишини назарда тутган бўлса, не ажаб?! Зотан, элнинг дарди билан яшаш, унинг қувончу ташвишларини ўзиники деб билиш халқимизга хос фазилатдир. Шундай экан, эрта никоҳлар, уларнинг салбий оқибатлари масаласи, барчамизнинг оғриқли муаммоларимиздан биридир.Келинг, азизлар, бу жиддий масалага масъулият билан ёндашайлик. Токи, бундай иллатлар фарзандларимиз ҳаётига, бахтига соя солмасин, эрта турмушнинг “мушти”дан ҳеч ким азият чекмасин!

Аллоҳ таоло барчамизни оилаларимизни муқаддаслиги, никоҳни илоҳий муқаддас ришта эканлигини тушуниб етиб, бу борада келган барча кўрсатма ва қайтариқларга тўлақонли амал қилиб, ўзгаларга ибрат ва намуна бўлиб фаолият олиб бориш насиб қилсин.

 

                                                                                                                                                Р.Кадирова

Хоразм вилоятидан 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

10.01.2025   3111   8 min.
Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.

«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.

Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади. 

Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».

Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».

Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.

«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».

Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:

«‎Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг ‎хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: ‎‎«Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй ‎бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан ‎нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот ‎бергин», деб айтди‎», деган (11-оят).

Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.

Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.

«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни ‎‎(мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан ‎пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда ‎китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан ‎бўлди» (12-оят).

Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.

«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».

Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.

Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.

Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!

Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.

Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.

«Оиша», дедилар.

«Эркаклардан-чи?» дедим.

«Унинг отаси», дедилар.

«Сўнгра ким?» дедим.

«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».

Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?

Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?

Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.

Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.

– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.

– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.

– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.

– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.

– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.

– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».

Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:

«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.

Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.

Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».

Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?

Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.

"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.

Мақолалар