frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ҳар жума фарзандим билан...

23.05.2024   1791   1 min.
Ҳар жума фарзандим билан...

Менинг 14 йилдан бери фарзандларим билан ҳар ҳафтада такрорлайдиган бир машғулотим бор. Шу машғулот туфайли биз бир-биримизни яхшироқ тушунадиган, кўпроқ меҳр қўядиган бўлганмиз. Шу сабабли сакинат ва хотиржамликда яшаймиз. Мен уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларидан ўрганганман: “Ким Каҳф сурасини жума куни қироат қилса, унга икки жума орасича нур зиё сочади”.

Бу ҳадисга амал қилишни фарзандларим гўдаклик чоғлариданоқ бошлаганман. Уларни тўплаб ҳар бирларига ширинлик ҳадя қилар ва Каҳф сурасини ўқиб берар эдим. Улар мени диққат билан тинглашарди. Кейин уларни бирма-бир мақтаб, дуо қилиб қўяр эдим. Кунлар ўтиб фарзандларим улғайишди. Каҳф сурасини ёдлаб ҳам олишди. Ҳар жума кунги қироат қиладиган маҳалимиз барчамиз учун муҳим бир вақтга айланди. Ҳеч ким келмасдан қолмасди. Шу тарзда бир-биримизга бўлган ўзаро меҳр-муҳаббатимиз мустаҳкамланиб, қалбимиз нурга тўларди. Ушбу нур кейинги қироат маҳалимизгача бизни яхшиликка чорларди.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

​"Эй ўғилгинам..."

18.09.2026   11800   3 min.
​

Луқмоннинг фарзандига айтган насиҳатларидаги буюк ҳикматлар


Баъзи сўзлар борки, орадан қанча асрлар ўтмасин, ўз қимматини йўқотмайди. Чунки улар инсон қалбига йўл топади, уни яхшиликка чорлайди ва ҳаётда тўғри йўлни танлашга ундайди.

«Эй ўғилгинам...»


Луқмоннинг фарзандига айтган бу мурожаатида чуқур меҳр, самимият ва улкан ҳаёт ҳикмати мужассам. Унинг насиҳатлари нафақат бир фарзандга, балки ҳар бир инсонга тегишли бўлган ибратли ўгитлардир.


Луқмон фарзандига аввало энг муҳим ҳақиқатни эслатади:


«Эй ўғилгинам! Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилма. Албатта, ширк катта зулмдир».


Инсон ҳаётидаги энг муҳим пойдевор — тўғри эътиқод. Дунёдаги бойлик, мансаб, обрў ва барча неъматлар вақтинчалик. Аммо инсоннинг Аллоҳ билан бўлган муносабати унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Шунинг учун фарзанд тарбияси, аввало, унинг қалбига иймон ва Аллоҳга бўлган муҳаббатни сингдиришдан бошланади.


Шундан сўнг Луқмон:

«Эй ўғилгинам! Намозни тўкис адо эт...»

деб насиҳат қилади.


Намоз — инсоннинг Роббиси билан боғланишидир. У қалбни поклайди, инсонни яхшиликка ундайди ва ҳаётига тартиб бағишлайди. Фарзандга намозни ўргатиш — унга фақат бир ибодатни эмас, балки масъулият, поклик ва маънавий тартибни ҳам ўргатишдир.


Луқмон фарзандини яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришга ҳам чақиради. Чунки ҳақиқий эзгулик фақат ўзимиз учун эмас, атрофимиздагилар учун ҳам манфаатли бўлиши керак. Баъзан бир оғиз яхши сўз инсоннинг кўнглини кўтарса, бир самимий насиҳат унинг ҳаётини ўзгартириши мумкин.


Аммо яхшилик йўли доимо осон эмас. Шунинг учун Луқмон:


«Бошингга тушган мусибатларга сабр қил», дейди.


Инсон ҳаётида турли синовлар учрайди. Баъзида режаларимиз амалга ошмайди, баъзида кутилмаган қийинчиликларга дуч келамиз. Ана шундай пайтларда сабр инсонга куч беради. Сабр — таслим бўлиш эмас, балки қийинчиликка қарамай тўғри йўлда давом этишдир.


Луқмоннинг яна бир муҳим насиҳати — кибрдан сақланиш:


«Кишилардан кибр билан юз ўгирма ва ер юзида манманлик билан юрма».


Инсонга берилган бойлик, илм ёки мартаба уни бошқалардан устун қилиб қўймайди. Аксинча, инсон қанчалик кўп неъматга эга бўлса, шунчалик камтар бўлиши лозим. Чунки ҳақиқий улуғлик — ўзини бошқалардан баланд қўйишда эмас, балки инсонларга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишдадир.


Насиҳатларда ҳатто инсоннинг юриши ва овозигача эътибор қаратилган:


«Юришингда ўртача бўл ва овозингни пасайтир. Албатта, овозларнинг энг ёқимсизи эшакларнинг овозидир». Бу бизга одобнинг катта ишлардагина эмас, балки кундалик одатларимизда ҳам намоён бўлишини кўрсатади. Вазминлик, мулойимлик, меъёр ва чиройли муомала инсонни безайди.


Бугун бизга ҳам керак бўлган насиҳатлар


Луқмоннинг фарзандига айтган ўгитлари асрлар олдин айтилган бўлса-да, бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб.


Бугун фарзандларимизга яхши касб эгаси бўлиш билан бирга, яхши инсон бўлишни ҳам ўргатишимиз керак. Уларнинг қалбига иймон, тилига яхши сўз, хулқига камтарлик, ҳаётига сабр ва меҳрни сингдиришимиз зарур.


Чунки фарзандга қолдириладиган энг қимматли мерос — мол-дунё эмас.


Энг буюк мерос — иймонли қалб, гўзал ахлоқ ва тўғри тарбиядир.


Шу боис Луқмоннинг:


«Эй ўғилгинам...» деб бошланган насиҳатлари ҳар биримиз учун ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларни ўқишгина эмас, ҳаётимизга татбиқ этиш биз учун энг катта ибратдир. 
 

Ҳумоюддин Ҳусниддин ўғли, 

Масжидлар билан ишлаш бўлими

                 етакчи мутахассиси таржимаси 


                                      

Мақолалар