Албатта, сиз бу аллома, олим, уламолар ҳақида биласиз, улар ҳаёти, ижоди, фаолияти ҳақида кўплаб китобларда ўқигансиз. Биз қуйида уларнинг биз, авлодларига қолдирган маънавий мероси ҳақида мухтасаргина маълумот беришни маъқул кўрдик.
Имом Бухорий (810-870) Ислом таълимотига оид 20 дан ортиқ асарлар ёзди. Унинг биргина “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарига 7275 та ҳадис киритилган. 1998 йил октябрь ойида буюк мутафаккир Имом Бухорийнинг 1225 йиллик таваллуд куни кенг нишонланди. Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. 4 жилдли “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоби илк бор ўзбек тилида нашр этилиб, китобхонларга тақдим этилди.
Абу Мансур ал-Мотуридий (870-944). Калом илми равнақига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Абу Мансур ал-Мотуридий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида туғилган. Ал-Мотуридий исломий одоб қоидалари, маънавий-ахлоқий камолот сирларидан таълим беришга мўлжалланган қатор асарлар ёзган. Улардан “Китоб ат-Тавҳид” (“Аллоҳнинг бирлиги”) ва “Таъвилот аҳл ассунна” (“Суннийлик анъаналари шарҳи”) номли асарларигина сақланиб қолган. Уларда диний таълимот, исломий урф-одатлар, инсоннинг камол топишида дунёқарашининг шаклланиш моҳияти талқин этилган.
Ал-Мотуридий 944 йилда Самарқандда вафот этган. Мустақиллик шарофати билан диний қадриятларимиз тикланаётган ватанимизда 2000 йил ноябрда Имом ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги нишонланди. Самарқандда Мотуридий хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуи барпо этилган, асарлари ўзбек тилида нашрдан чиққан.
Бурҳониддин ал-Марғиноний машҳур фиқҳ (ҳуқуқшунос) олими. У 1123 йилда Риштонда (Фарғона водийси) таваллуд топган. Ал-Марғинонийнинг энг нодир китоби тўрт жилдли “Ҳидоя” асаридир. “Ҳидоя” ислом ҳуқуқшунослиги бўйича мукаммал асардир.
Бу асар ҳозирги кунда ҳам муҳим манба сифатида фойдаланиб келинмоқда. Шу сабабли аллома нафақат уламолар, балки оддий халқ орасида ҳам “Ҳидоят йўлининг сарбони” дея катта ҳурмат-эътибор топган. Бурҳониддин валмилла (Ислом динининг далили, исботи) деган шарафли номга сазовор бўлган. 2000 йилда ал-Марғинонийнинг таваллуди кенг нишонланди. Шу муносабат билан Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилиб, шу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди.
Абу Лайс Самарқандий. Абу Лайс куняси билан машҳур бўлган Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий 911 йилда Самарқандда туғилган, шу ерда шайхулисломлик қилган. Замонасининг етук фиқҳ ва тафсир олими, фозил ва нуфузли кишиси бўлган.
Мир Сайид Барака. Саййид Барака, Мир Саййид Барака Амир Темурнинг пири. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, асли Макка шаҳридан бўлиб, Амир Темур билан дастлаб Термиз шаҳрида учрашган.
Хожа Аҳрор Валий (1404-1490 йй) ХV аср иккинчи ярмида ижтимоий-сиёсий, маданий ва тафаккур ривожида муҳим ўрин тутган. Нақшбандия тариқатини ривожлантирган. Ҳижрий 806 йил рамазон ойида (1404 йил, март) Шош – Тошкент ҳудудидаги Боғистонда дунёга келган. Она тарафидан Хожа Аҳрор машҳур Шайх Хованди Таҳурга бориб уланади.
Хожа Аҳрор қаламига мансуб уч рисола бизгача етиб келган. Улардан бири — “Фақарот ул-орифин” (“Орифлар сўзларидан парчалар”) бўлиб, унда Хожа Аҳрорнинг ва баъзи бошқа тасаввуф намояндаларининг тариқатга оид фикрларидан намуналар келтирилган. “Волидия” деб номланган иккинчи рисоласини Хожа Аҳрор ўз отаси илтимосига кўра ёзган. Унда тариқат йўлига кирган кишининг ахлоқ-одоби, фақр ва фано тушунчалари ҳақида сўз боради. Бу рисола ўз даврида машҳур бўлиб, Жомий ва Алишер Навоийлар у билан яқиндан танишганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса уни форсийдан ўзбек тилига шеърий таржима қилган. Учинчи рисола “Ҳавроийя” деб аталиб, машҳур мутасаввуф шоир Абу Саъид Абулхайрнинг ушбу “Ҳавро” (“Ҳурлар” ёки “Фаришталар”) сўзи билан бошланувчи бир рубоийсини шарҳлашга бағишланган.
Хожа Аҳрор Валий 1490 йилда вафот этган ва Самарқандда дафн этилган.
Али Қушчи (1404-1474 йй) ХV асрда илмий фаолият кўрсатган фақиҳ, математик ва астроном олим. Унинг тўлиқ исми – Алоуддин Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Самарқандий эди.
Аллома 806/1404 йили Самарқандда туғилган. Отаси Мулло Муҳаммад темурийлар хонадонига яқин бўлиб, кўп вақт Шоҳруҳ (1409-1447) саройида хизмат қилган. У ов қушларига қарайдиган ходимларга бошлиқ бўлган. Али Қушчи отаси сингари ёшлигидан овга қизиқади, Улуғбекнинг қарчиғайларини тарбия қилади ва ниҳоят моҳир овчи бўлиб етишади. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Қушчининг ўғли Али “Қушчи” деган лақаб билан танилган.
Али Қушчи Самарқанд мадрасасини битиргач, Улуғбекнинг рухсати билан бир неча йил Эроннинг Кирмон вилоятида истиқомат қилди ва ижод этди. Бу ердаги олимлар ва шоирларнинг илмий мажлисларида иштирок этиб, кўпгина китобларни мутолаа қилди, шарҳлар ва мустақил асарлар ёзди.
Унинг «Рисолаи фатҳия», «Рисолаи Муҳаммадийя», «Тарихи ҳоқони Чин», «Рисолаи муфрадийя», «Шарҳи рисола ал-фиқҳ», «Рисолату фи мавзуъот ул-улум», «Маҳбуб ул-ҳамойил фи кашф ул-масойил» каби илмий асарлари машҳур. Ҳижрий 879 (милодий 1477) йили Истанбулда вафот этган ва Абу Айюб Ансорий қабристонига дафн қилинган.
Алишер Навоий (1441-1501 йй). Алишер Навоий 1441 йил 9 февраль куни Хуросон давлатининг пойтахти - ҳозирги Афғонистон ҳудудидаги Ҳирот шаҳрининг Боғи Давлатхона мавзесида туғилди.
Алишер Навоий Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача яшади, Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, турли фанларга оид билимларини янада чуқурлаштирди. Ўзидан жуда катта маънавий-маданий мерос қолдирди.
"AlQuran.uz" портали раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдумнинг синглиси, "AlQuran.uz" портали ходими Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумнинг опаси, шунингдек, "AlQuran.uz" илмий ходими Абдусамад қорининг завжалари вафоти муносабати билан марҳуманинг яқинларига таъзия билдирамиз.
Марҳума ал-Азҳар университети талабаси бўлиб, Осим қироатининг Ҳафс ва Шуъба ривоятлари ҳамда "ал-Муқаддима ал-жазарийя", "Туҳфатул-атфол" ва "ал-Арбаъийн ан-набавийя" каби кўплаб асарлар бўйича ижоза соҳибаси сифатида 20 йилдан бери Қуръонга хизмат қилиб келаётган эди. Хусусан, Қуръон таълими йўлида самарали меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни етиштирди.
Шунингдек, "AlQuran" мобил иловасидаги "Al-Fatiha online" дастурининг узтозаларидан бўлиб, кўплаб аёлларнинг қироатини тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Турмуш ўртоғи Абдусамад қори билан бирга уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб, барчаларини ҳофизи Қуръон қилиб етиштирди.
Узоқ вақт оғир дард билан курашганига қарамай, Қуръон хизматида бардавом бўлди. Беморлик машаққатларига сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида илм тарқатишдан тўхтамади. Шубҳасиз, бу гўзал хотима, яъни шаҳидликнинг бир белгиси. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Ким бемор ҳолатда вафот этса, шаҳид ҳолда вафот этади, қабр фитнасидан сақланади ва эртаю кеч жаннатдан ризқи келиб туради" (Ибн Можа раҳимҳуллоҳ ривояти).
"Muslim.uz" портали марҳуманинг акаси Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва укаси Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумга, шунингдек, турмуш ўртоғи Абдусамад қори ва барча оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
Аллоҳ таоло марҳуманинг Қуръон йўлида қилган хизматларини қабул айлаб, Барзах ҳаётида ва охиратда Қуръони карим шафоати билан мукофотласин! Қуръон билан жаннатдаги даражаларини юксак қилсин! Беморликда чеккан машаққатлари жаннатдаги мартабасининг баланд бўлишига сабабчи бўлсин!
Жаноза маросими эртага сешанба 22 июль куни аср намозида, соат 17:45 да Устоз Шайх Алижон қорининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бойларовул қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.
Аллоҳ таоло мусибат аҳлига сабри жамил ато қилсин! Қазо ва қадарга рози бўлишларида Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!
Марҳумага қуйидаги ҳадисда зикр қилинган улуғ даражаларни тилаймиз: "Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва дунёда тартил қилганинг каби тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир", дейилади" (Абу Довуд, Термизий ва Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти).