Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда мол-дунё ва бола-чақа дунё зийнати эканини баён қилган: “Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир” (Каҳф, 46).
Инсон тирик экан, дунёнинг бу зийнатлари ҳамиша ҳамроҳ бўлар экан. Лекин гап шундаки, бу зийнатга ўта берилиб, у билан чалғиб охират амаллари, Аллоҳнинг розилиги қолиб кетмаслиги муҳимдир. Зеро, ҳалол тирикчилик қилишлик ҳам айни ибодатдир. Чунки динимиз таълимотларида таркидунёчиликка тарғиб қилинмайди. Балки, ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини ҳалол йўллар билан топиши учун меҳнат ва ҳаракат қилиши кераклиги баён этилган.
Аллоҳ таоло Жума сурасининг 10-оятида марҳамат қилиб айтади: "Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шоядки, нажот топсангиз".
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўминларни ибодатларини адо этиб бўлгандан кейин ер юзига тарқалиб, саъй-ҳаракат қилиб, ҳалол ризқ топишга тарғиб қилмоқда. Аллоҳ таоло ризқ йўлларини кўпайтириб қўйган. Кимдир деҳқончилик, кимдир тижорат, кимдир ўқитувчилик, кимдир шифокорлик қилиб пул топади.
Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради: “Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ: Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир. Икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир”.
Ҳа, инсон касб-ҳунар қилар экан, ҳам оиласига наф, ҳам бошқаларга манфаат, ҳам ибодатда бўлади, модомики фирибгарлик қилмаса, одамларни алдамаса, қимор, ароқ, ҳаром гўштлар савдоси каби ҳаром йўл билан тирикчилик қилмаса.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб- ҳунарли кимсаларни мақтаб бундай деганлар: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривояти).
Сарварбек ЙЎЛДОШЕВ,
Асака туманидаги “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом-хатиби.
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати