Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: "Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз" (Жума сураси, 10-оят).
1. Каҳф сураси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким жума куни Каҳф сурасини ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги гуноҳлари кечирилади", дедилар (Абу Бакр ибн Мардуяҳ ривоят қилган).
2. Духон сураси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким жума кечаси "Ҳа мим" (Духон сураси)ни қироат қилса, мағфират қилинади", дедилар.
Набий алайҳиссалом: "Ким жума кечаси "Ҳа мим"ни ўқиса, етмиш минг фаришта тонггача унинг ҳаққига истиғфор айтиб чиқади", деганлар.
3. Ёсин сураси.
4. Ҳуд сураси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳуд сурасини жума куни ўқинглар", деганлар.
5. Оли Имрон сураси.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу айтадилар: "Кимки кечаси "Оли Имрон" сурасини ўқиса, унга кечани бедор ўтказганлик савоби ёзилади".
Бир асарда: "Ким жума куни Оли Имрон сурасини ўқиса, 70 минг фаришта кечгача истиғфор айтади".
6. Ихлос, фалақ ва наас сураси.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума намозидан кейин "Қул ҳуваллоҳу аҳад", "Қул аъузу бироббил фалақ" ва "Қул аъузу бироббин наас" сураларини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни кейинги жумагача ёмонликдан сақлайди», дедилар (Ибн Сунний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати