Яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади. Бинобарин, инсон эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади.
Саҳоват – бу икки тоифа ўртасини боғловчи, уларни улфат қилувчи ва ҳар иккисини дунё имтихонидан яхши ўтишга ёрдам берувчи амаллардан биридир. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида одамларга инфоқ-эҳсон қилиш, яъни саҳоват ҳақида гап кетади. Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати тўғрисида Қуръонда шундай дейилган:
“Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят)
Хайр-эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради», дедилар”. (Имом Термизий ривояти).
Демак садақани хоҳ ошкора хоҳ яширинчи берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга яъни гуноҳларининг кечирилишига эришади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайри эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаъат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни имони борлигига)», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Хайр-эҳсон фақат моддий маблағлар билан бўлмайди. Яъни эҳсоннинг маънавий турлари ҳам бўлади. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам)марҳамат қилиб айтдилар:
“Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобалар савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Саҳобалар савол беришди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобалар сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.
Яна бир ҳадиси шарифда, Навос ибн Санъон Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу киши Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўради. Шунда у зот: «Яхшилик – ҳусни хулқ, ёмонлик – юрагингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Лекин сарф-харажат ва хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инфоқ эҳсонни мўътадил қилган бандаларини мақтаб шундай деган:
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривояти). Демак, эҳсон қилишнинг ҳам меъёри бор экан.
Шундай экан Аллоҳ таоло ҳаётимиз ва ризқимизни фаровон айлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишдан ва унинг балоларидан Ўз паноҳида асрасин ва барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Маъруфхон АЛОХОДЖАЕВ,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори”
жоме масжиди имом-хатиби
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.