Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2025   |   21 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:04
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2025, 21 Муҳаррам, 1447

Саховат – жаннатга етакловчи фазилат

04.06.2024   853   4 min.
Саховат – жаннатга етакловчи фазилат

Яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади. Бинобарин, инсон эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади.

Саҳоват – бу икки тоифа ўртасини боғловчи, уларни улфат қилувчи ва ҳар иккисини дунё имтихонидан яхши ўтишга ёрдам берувчи амаллардан биридир. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида одамларга инфоқ-эҳсон қилиш, яъни саҳоват ҳақида гап кетади. Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати тўғрисида Қуръонда шундай дейилган:

Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир(Бақара сураси, 271-оят)

Хайр-эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради»дедилар”. (Имом Термизий ривояти).

Демак садақани хоҳ ошкора хоҳ яширинчи берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга яъни гуноҳларининг кечирилишига эришади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайри эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаъат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб бир нарсани беради.  Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни имони борлигига)», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Хайр-эҳсон фақат моддий маблағлар билан бўлмайди. Яъни эҳсоннинг маънавий турлари ҳам бўлади. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам)марҳамат қилиб айтдилар:

“Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобалар савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Саҳобалар савол беришди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобалар сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.

Яна бир ҳадиси шарифда, Навос ибн Санъон Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу киши Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўради. Шунда у зот: «Яхшилик – ҳусни хулқ, ёмонлик – юрагингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Лекин сарф-харажат ва хайр-эҳсон қилишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инфоқ эҳсонни мўътадил қилган бандаларини мақтаб шундай деган:

“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривояти). Демак, эҳсон қилишнинг ҳам меъёри бор экан.

Шундай экан Аллоҳ таоло ҳаётимиз ва ризқимизни фаровон айлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишдан ва унинг балоларидан Ўз паноҳида асрасин ва барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин!

Маъруфхон АЛОХОДЖАЕВ,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори”
жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Унутилган суннат: Ким шундай дуо қилса, қабул бўлади

22.10.2024   7372   1 min.
Унутилган суннат: Ким шундай дуо қилса, қабул бўлади

Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:

يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ

Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.

У зот алайҳиссалом:

قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ

Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:

فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ

батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).

Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.

Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.

Даврон НУРМУҲАММАД