Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июн, 2025   |   12 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:35
Bismillah
08 Июн, 2025, 12 Зулҳижжа, 1446

Фарзанд билан меҳр-муҳаббатни мустаҳкамловчи 80 услуб (2 қисм)

05.06.2024   4272   3 min.
Фарзанд билан меҳр-муҳаббатни мустаҳкамловчи 80 услуб (2 қисм)
  1. Дам олиш кунлари фарзандларингизни машинангизда сайрга олиб чиқинг.
  2. Фарзандларингиз билан биргаликда турмуш ўртоғингиз учун кутилмаган совға тайёрланг.
  3. Дам олиш кунлари иложи борича вақтингизни фарзандларингиз билан ўтказинг.
  4. Оилавий суратлар олишга одатланинг. Ҳар бир сурат тагига сурат олинган сана ва суратдагиларнинг исмини ёзиб қўйинг. Йиллар ўтгач мана шулар асосида фарзандларингиз атрофдаги қариндош-уруғ, ёру дўстларни яқиндан танийдилар.
  5. Фарзандингизга карточкалардан бирини танлашни таклиф қилинг. Уларга қуйидагилар ёзилган бўлсин: “Оилавий тушлик қилиш”, “Дадажон билан бирга ўйин ўйнаш”, “Ойижон билан бозорга бориш”, “Бобо-бувиларникига меҳмонга бориш” ва ҳоказо.
  6. Фарзандингизни яхши кўришингизни англатувчи ҳолатда суратга тушинг.
  7. Фарзандингиз билан дарё ёки денгиз бўйида сайр қилинг.
  8. Оилангиз даврасида барчага бирдек ёқадиган куй ёки қўшиқ тингланг.
  9. Бирор теле ёки радиоканал орқали фарзандларингизга табрик йўлланг.
  10. Ҳаво шарида учиш, денгизда сузиш каби саёҳат уюштиринг.
  11. Ўқув йилининг биринчи кунида, албатта, кичик фарзандингиз билан мактабига боринг ва синф хонасига кузатиб қўйинг.
  12. Фарзандларингиз билан бирор жойга чиқиб қуёш ботиши ёки чиқишини кузатинг.
  13. Оила даврасида фарзандларингиз билан қилган ўзаро суҳбатингизни видеога олинг ва эсдалик учун сақлаб қўйинг.
  14. Фарзандларингизга болаликдаги дўстларингиз, улар билан бўлиб ўтган қизиқарли воқеалар ҳақида гапириб беринг.
  15. Ота-онангиздан эски услубдаги ўйинчоқ ясаб беришларини сўранг. Улар болалик даврларида қандай ўйинлар ўйнашганини айтиб беришларини илтимос қилинг.
  16. Оилавий барча суратларингизни альбомга жойланг. Ҳар бир суратни жойлаётганингизда сурат билан боғлиқ бўлган хотираларингизни уларга гапириб беринг. Оилавий альбомингизни фар­зандларингиз билан тез-тез кўриб туринг. Ўтиб кетган инсонларни хотирланг.
  17. Ҳафта мобайнида фарзандларингизнинг ҳар бири учун хос бир вақт белгилаб қўйинг. Агар имкониятингиз бўлса, уларни ҳар бири билан ўша вақтда алоҳида суҳбатлашинг.
  18. Кичик ёшдаги фарзандларингиз билан қизиқарли ўйинлар ташкил қилинг. Муҳими, ўртангизда меҳр-муҳаббат ҳосил бўлсин.
  19. Ота-онангиз сизни тарбия қилишда қўллаган гўзал тарбия усулларидан сиз ҳам фойдаланинг.
  20. Кичик қоғоз бўлакларига турли хил вазифаларни ёзинг. Фарзандларингиз уларнинг орасидан бирортасини танласин. Вазифалар содда ва мароқли бўлсин. Мисол учун: оила аъзолари билан биргаликда шарбат ичиш; телевизор кўриш; яқинлар билан телефон орқали боғланиб ҳол-аҳвол сўрашиш ва ҳоказо.

    Давоми бор...

    Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

    Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муаззам кунлар оғушидамиз

05.06.2025   7842   4 min.
Муаззам кунлар оғушидамиз

Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.


Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.


Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.


Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан  огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.


Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.


Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.


Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни,  яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.


Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.


Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.


Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.

Холмурод МАМАЖОНОВ,

Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон янгиликлари