- Дам олиш кунлари фарзандларингизни машинангизда сайрга олиб чиқинг.
- Фарзандларингиз билан биргаликда турмуш ўртоғингиз учун кутилмаган совға тайёрланг.
- Дам олиш кунлари иложи борича вақтингизни фарзандларингиз билан ўтказинг.
- Оилавий суратлар олишга одатланинг. Ҳар бир сурат тагига сурат олинган сана ва суратдагиларнинг исмини ёзиб қўйинг. Йиллар ўтгач мана шулар асосида фарзандларингиз атрофдаги қариндош-уруғ, ёру дўстларни яқиндан танийдилар.
- Фарзандингизга карточкалардан бирини танлашни таклиф қилинг. Уларга қуйидагилар ёзилган бўлсин: “Оилавий тушлик қилиш”, “Дадажон билан бирга ўйин ўйнаш”, “Ойижон билан бозорга бориш”, “Бобо-бувиларникига меҳмонга бориш” ва ҳоказо.
- Фарзандингизни яхши кўришингизни англатувчи ҳолатда суратга тушинг.
- Фарзандингиз билан дарё ёки денгиз бўйида сайр қилинг.
- Оилангиз даврасида барчага бирдек ёқадиган куй ёки қўшиқ тингланг.
- Бирор теле ёки радиоканал орқали фарзандларингизга табрик йўлланг.
- Ҳаво шарида учиш, денгизда сузиш каби саёҳат уюштиринг.
- Ўқув йилининг биринчи кунида, албатта, кичик фарзандингиз билан мактабига боринг ва синф хонасига кузатиб қўйинг.
- Фарзандларингиз билан бирор жойга чиқиб қуёш ботиши ёки чиқишини кузатинг.
- Оила даврасида фарзандларингиз билан қилган ўзаро суҳбатингизни видеога олинг ва эсдалик учун сақлаб қўйинг.
- Фарзандларингизга болаликдаги дўстларингиз, улар билан бўлиб ўтган қизиқарли воқеалар ҳақида гапириб беринг.
- Ота-онангиздан эски услубдаги ўйинчоқ ясаб беришларини сўранг. Улар болалик даврларида қандай ўйинлар ўйнашганини айтиб беришларини илтимос қилинг.
- Оилавий барча суратларингизни альбомга жойланг. Ҳар бир суратни жойлаётганингизда сурат билан боғлиқ бўлган хотираларингизни уларга гапириб беринг. Оилавий альбомингизни фарзандларингиз билан тез-тез кўриб туринг. Ўтиб кетган инсонларни хотирланг.
- Ҳафта мобайнида фарзандларингизнинг ҳар бири учун хос бир вақт белгилаб қўйинг. Агар имкониятингиз бўлса, уларни ҳар бири билан ўша вақтда алоҳида суҳбатлашинг.
- Кичик ёшдаги фарзандларингиз билан қизиқарли ўйинлар ташкил қилинг. Муҳими, ўртангизда меҳр-муҳаббат ҳосил бўлсин.
- Ота-онангиз сизни тарбия қилишда қўллаган гўзал тарбия усулларидан сиз ҳам фойдаланинг.
- Кичик қоғоз бўлакларига турли хил вазифаларни ёзинг. Фарзандларингиз уларнинг орасидан бирортасини танласин. Вазифалар содда ва мароқли бўлсин. Мисол учун: оила аъзолари билан биргаликда шарбат ичиш; телевизор кўриш; яқинлар билан телефон орқали боғланиб ҳол-аҳвол сўрашиш ва ҳоказо.
Давоми бор...
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД