Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2026   |   26 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
05:00
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
11 Июл, 2026, 26 Муҳаррам, 1448

Зулҳижжа ойи муборак бўлсин! Бу ойда қандай амаллар бажарилади?

07.06.2024   37392   2 min.
Зулҳижжа ойи муборак бўлсин! Бу ойда қандай амаллар бажарилади?

Зулҳижжа сўзи қандай маънони англатади?

“Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради.

 

Зулҳижжа ойи қандай ой?

Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир.

 

Зулҳижжа ойи қандай фазилатларга эга?

Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

 

Бу ойда тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Зулҳижжа ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!” дердилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп айтардилар: Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаху лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайьин қодийр (Имом Термизий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Кўкалдош" билим юрти устозлари Туркияда малака оширмоқда

10.07.2026   4978   1 min.

Туркиянинг нуфузли Қорабук (Karabük) университетида илмий-амалий малака ошириш курсларида иштирок этаётган «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударрислари учун белгиланган дастур асосида семинар ва учрашувлар тизимли давом этмоқда.


Дастлаб юртимиз вакиллари университет тарихи, таълим тизими ва илмий фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сўнг университет Илоҳиёт факультети декани, доктор Абдужаббор Кавак иштирокида илмий-амалий семинар ташкил этилди. Унда таълим даргоҳининг илмий салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.


Юртимиздаги диний таълим ислоҳотлари тақдимот қилинди


Дастур доирасида Ўзбекистондаги диний таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар «Кўкалдош» билим юрти мисолида хорижлик ҳамкорларга тақдим этилди:

  • Аҳрор домла Абдуллаев (билим юрти мударриси) араб тилида маъруза қилиб, юртимиздаги диний-маърифий соҳада амалиётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини очиб берди;

  • Алиакбар домла Абдуллаев эса ўқув жараёнларини ташкил этиш, таълим сифатини назорат қилиш ва илмий-амалий фаолиятни йўлга қўйиш бўйича мазмунли тақдимот ўтказди.

Тажриба алмашинув: Ҳафта давомида Қорабук университети профессор-ўқитувчилари билан замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, вакилларимиз Туркиядаги машҳур «Имом-хатиб» лицейлари фаолияти ва уларнинг илғор тажрибаларини жойларга чиққан ҳолда ўргандилар.

Сафар якунида университет раҳбарияти билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда икки таълим муассасаси ўртасида ўзаро тажриба алмашишни бардавом қилиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва истиқболдаги ҳамкорлик режалари келишиб олинди.

"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари