Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими 2024-2025 ўқув йили учун олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш саналарини маълум қилади:
Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларига шу йил 20 июндан 20 июлга қадар;
Ҳадис илми мактабига 20 июндан 10 июлгача;
Тошкент ислом институтининг Модуль таълим тизимига 10 июлдан 30 июлгача.
Олий диний таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- таълим муассасаси ректори номига ариза;
- паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
ЎМИнинг “Ягона олимпиада” танлови Республика босқичи 1-, 2- ва 3-ўрин ғолиблари эса олий диний таълим муассасаларига кириш учун имтиёз берувчи диплом нусхасини ҳам тақдим этади.
Хорижий давлатлардаги диний таълим муассасаларини тамомлаган ва мамлакатимизда нострификациядан ўтказилган дипломга эга бўлган абитуриентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.
Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- таълим муассасаси раҳбари номига ариза;
- паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
- маълумоти тўғрисида аттестат ёки диплом (асл нусхаси);
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
- чет тилини билиши тўғрисидаги сертификат асл нусхаси (маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган чет тилидан бошқа тилда имтиҳон топширувчилар учун).
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- таълим муассасаси ректори номига ариза;
- паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
- яшаш жойи бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилидан тавсиянома;
- меҳнат дафтарчаси нусхаси (тасдиқланган ҳолда).
Эслатиб ўтамиз: Модуль таълим тизимига ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган ҳамда тўрт йил ва ундан ортиқ муддат давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Маълумот ўрнида: Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг тест синовларида иштирок этиши учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади. Жорий йилда ўқишни тамомлаган ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига хужжат топширган абитуриентлардан эса тўлов ундирилмайди.
Қабул жараёнига оид сўнгги янгиликларни кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.