Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси.
Бугун, Зулҳижжанинг 8-куни меҳмонхонадан ташкилий гуруҳ бошчилигида автобусларда талбия айтиб, Минога етиб келган бўлғуси ҳожиларимиз: "Аллоҳим бу Минодир. Сен дўстларингга ато этган эҳсонларингдан менга ҳам инъом эт!”, деб дуолар қилишди.
Мино майдонида Ўзбекистон ҳожилари учун алоҳида жой ажратилган. Бу ерда ҳожиларимиз бемолол ибодат қилишлари учун шароит ҳозирланган. Шунингдек, тамадди қилишлари учун турли хил таомлар, чой, сув каби ичимликлар чодирларга олиб келиб улашилмоқда.
Набий алайҳиссалом суннатларига мувофиқ, бугун Минода тарвия куни пешин, аср, шом, хуфтон намозлари ўқилади. Айни пайтда ўзбекистонлик зиёратчилар Мино водийсида эрта тонгдан то кун ботгунга қадар уламоларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, тоату ибодат ва дуою илтижолар билан ўтказишмоқда.
Аллоҳ таоло барча ҳожилар қаторида, юртимиз ҳожиларининг ҳам дуо ва ибодатларини қабул айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати