Ғамга тушиб қолсангиз, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ўқиб, тафаккур қилинг: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббидир”. (Тавба сураси, 129-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимда ким тонг отганда ва кеч кирганда: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббидир”, деб етти марта айтса, Аллоҳ унинг ғамларига Ўзи кифоя қилади”.
Савдо қилсангиз ёки қарздор бўлиб қолсангиз, “Лаа илааҳа иллаллоҳ ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, деб зикр қилинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”ни кўп айтинглар, чунки бу жаннат хазиналаридан бир хазинадир”, деганлар.
Маҳзун бўлсангиз ушбу оятни ўқинг: “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман” (Юсуф сураси, 86-оят).
Ҳаётингизда муваффақиятсизликка учрасангиз мана бу оятни ўқинг ва маъносини англаб, амал қилинг: “Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман” (Ҳуд сураси, 88-оят)
Дарслардан чарчасангиз қуйидагича дуо қилинг: “Эй Аллоҳ, менга дунё-ю охиратда энг олий даражаларни насиб этгин”.
Дунё ғамларидан чарчасангиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган ушбу дуони ўқинг: “Эй Аллоҳ, дунёни энг катта ғамимиз, илмимизнинг маблағи (мақсади) қилиб қўйма”.
Намозларни дангасаликданми ёки бошқа бирор сабабданми вақтида ўқимай юрган бўлсангиз мана бу оятдаги дуони ўрганинг ва шу дуони такрор-такрор қилиб юринг: “Эй Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Роббимиз, дуони қабул этгин” (Иброҳим сураси, 40-оят).
Уйлана олмай юрган бўлсангиз ёки фарзанд кўрмаётган бўлсангиз, айтинг: “Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан” (Анбиё сураси, 89-оят).
Ўзингизни ёлғиз ҳис қилсангиз: “Менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт” (Исро сураси, 80-оят), деб дуо қилинг.
Ишларингиз қийинлашиб кетса: “Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил. Менинг ишимни осон қил” (Тоҳа сураси 25-26 оятлар), деб илтижо қилинг.
Қалбингизда кимгадир нисбатан нафрат бор бўлса, “Эй Аллоҳ, мени ғазабини яширувчи, одамларни кечириб юборувчилардан қилгин”, деб дуо қилинг.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(одамларга) Сув улашиш”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, "Ё Аллоҳнинг Расули! Онам тўсатдан жон таслим қилди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапира олганида, садақа қилган бўлар эди. Энди унинг номидан садақа қилсам, унга ажр бўладими?" деди. У зот алайҳиссалом: "Ҳа", дедилар» (Имом Муслим ривояти).