Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА НАМОЗДАГИ ҚИЁМ, РУКУ ВА САЖДА БОРАСИДА

14.06.2024   1089   1 min.
ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА НАМОЗДАГИ ҚИЁМ, РУКУ ВА САЖДА БОРАСИДА

Рукудан аввал ва рукудан кейин қўл кўтариш масаласи. Ҳанафий ва Моликий мазҳаб уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки иккинчи ракатнинг қиёмига турганда қўл кўтарилмаслигини айтадилар (буни рафъул-ядайн масаласи ҳам дейилади). Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қилал
Самура розийаллоҳу анҳудан ривоят қили. нади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Нимага сизларнинг икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар” дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Асваддан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим. Кейин буни қайтармади” (Имом Таҳовий ривояти).
Имом Абу Жаъфар Таҳовий айтадилар: “Алий розийаллоҳу анҳунинг аввалги такбирдан бошқа ўринларда қўл кўтаришни тарк қилганлари саҳиҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бу ишни қилишлари, у кишининг наздида намозда қўл кўтариш ҳадисининг насхлиги (бекор бўлгани) собит бўлганлиги сабаблидир”.
Термизий ривоят қилади: «Осим ибн Кулайб отасидан, у Алқамадан ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн розийаллоҳу анҳу айтади: “Сизларга Расулуллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини ўқиб
берайми?” деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади”».
Биз ханафийлар такбири таҳримадан бошқа ўринлардаги қўл кўтаришни насх (ҳукми бекор) бўлган деб айтамиз. Маълумки, агар иккита суннат бир-бирига карама-қарши келиб қолса, бу борада саҳобаларнинг сўзлари ва амаллари устун қўйилади. Агар уларнинг сўзлари ва амаллари ихтилофли бўлса, қиёс устун қўйилади. Бу масалада қиёс қўлни кўтармасликни тақозо қилади. Чунки намозда аъзолар сокин ва хушуъли бўлиши керак.

Сайдуллоҳ Ғаниев,
Уйчи туман "Ислом нури" жоме мсжиди имом хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

10.01.2025   1920   8 min.
Ё Расулуллоҳ, Сиз кимни яхши кўрасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.

«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?

Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.

Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади. 

Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».

Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».

Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.

«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».

Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:

«‎Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг ‎хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: ‎‎«Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй ‎бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан ‎нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот ‎бергин», деб айтди‎», деган (11-оят).

Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.

Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.

«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни ‎‎(мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан ‎пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда ‎китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан ‎бўлди» (12-оят).

Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.

«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».

Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.

Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.

Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!

Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.

Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.

«Оиша», дедилар.

«Эркаклардан-чи?» дедим.

«Унинг отаси», дедилар.

«Сўнгра ким?» дедим.

«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».

Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?

Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.

Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?

Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.

Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.

– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.

– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.

– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.

– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.

– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.

– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».

Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:

«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.

Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.

Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».

Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?

Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.

"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.

Мақолалар