Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Аллоҳ битган тақдирга рози бўлинг

14.06.2024   7873   3 min.
Аллоҳ битган тақдирга рози бўлинг

Гоҳида бахт деб қидирган, саодат шунда деб билган ишингиз амалга ошмай қолади. Шунақа вақтда билингки, рози бўлиш, қаноат қилиш сизни энг бахтли инсон қилади. Роббингизнинг тақдиридан рози бўлишингиз Роббингизни сиздан рози қилади. Ахир Аллоҳнинг розилигиданда юқорироқ мақсад борми?!

Бир куни бахтдан сўрашибди: “Эй бахт, сен қаерда яшайсан?”.

У дебди: “Аллоҳнинг қазою қадарига рози бўлганларнинг қалбида!”.

- Нимадан озуқа оласан?

- Улардаги иймоннинг қувватидан.

- Нима сабабли уларда мудом турасан, кетиб қолмайсан?

- Уларнинг Аллоҳга чиройли гумон қилишлари туфайли.

- Сенинг шиоринг қандай?

- Ҳеч бир жонга Аллоҳ тақдир қилиб битган нарсадан бошқаси тегмайди. Фақат Аллоҳ тақдир қилган нарсагина содир бўлади.

Мўмин-мусулмон банда “Дунёдаги барча нарса Аллоҳнинг мулки. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади, хоҳламагани бўлмайди”, деб ишонади. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда: фаровонлик вақтида ҳам, бошига мусибат тушганида ҳам Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади.

Бўладиган ҳар бир иш тақдирда ёзиб қўйилган экан, энди банда бошига бир иш тушса, қўлидан неъмат кетса, бунинг учун ортиқча хафа бўлиш, ғамга ботиш, “Бундай қилганимда ундай бўларди”, “Бу ишни қилмаганимда шунча ташвишга қолмасдим”, деб надомат чекиш тўғри эмас. Аллоҳ банда пешонасига ёзган нарсадан қочиб-қутулиш иложи йўқ.

Шунингдек, Аллоҳ банда бирон неъматга эришишини, ютуқни қўлга киритишини тақдир қилганми, демак, бу иш ҳам аниқ бўлади. Бу – банданинг саъй-ҳаракати, жидду жаҳди билан эмас, Аллоҳнинг фазли, тақдири, ризқлантириши билан юз беради. Шунинг учун фаровонликка етишганда ҳаддидан ошиш, ўзини йўқотиб қўйиш маъқул эмас.

Бошига мусибат тушганида “Агар ундай қилганимда бундай бўларди” ёки “Ундай қилмаганимда бундай бўлмасди”, деб афсусланадиганлар ҳам бор. Бу борада мўмин банда қандай йўл тутиши кераклиги қуйидаги ривоятда айтилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кучли мўмин Аллоҳ учун заиф мўминдан яхшироқ, севимлироқдир. Икковида ҳам яхшилик бор. (Шундай экан) ўзингга фойдали нарсаларга ташна бўл, Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз қолма! Агар сенга бирон (кор-ҳол) етса, “Агар ундай қилганимда...” дема, балки “Қодаруллоҳи ва маа шаа-а фаъал” (яъни, Аллоҳнинг тақдири экан. У Зот нимани истаса, ўшани қилади) деб айт. Зеро, “агар” (сўзи) шайтонга (янги) иш очиб беради” (Имом Муслим ривояти).

 Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Нуфузли анжуман Озарбайжоннинг Ағдам шаҳрида якунланди

16.09.2026   9100   1 min.
Нуфузли анжуман Озарбайжоннинг Ағдам шаҳрида якунланди

Озарбайжонда бўлиб ўтган Саййид Яҳё Бокувийнинг бой маънавий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг ёпилиш маросими рамзий маънога эга бўлган тарихий Ағдам шаҳрида ўтказилди. Унда туркий давлатлар, араб-мусулмон мамлакатлари диний пешволари, уламолар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва ҳурлик энг бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлаб, уммат бирлиги, ҳамжиҳатлик ва диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш заруратига тўхталдилар. Шунингдек, давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий биродарлик ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар халқларимиз тарихида янги саҳифа очганини эътироф этдилар.

Йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳам сўзга чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва имзоланган "Абадий дўстлик шартномаси" қардошлик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.

Анжуман якунида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганлар ва бутун ислом уммати ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида эл-юртларимиз тинчлиги, мамлакатларимиз фаровонлиги ҳамда анжуманда кўтарилган муҳим масалалар мусулмонлар ва бутун уммат манфаати учун хизмат қилишини Ҳақ таолодан сўрадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари