Саудия Aрабистони Ҳаж ва умра вазирлиги мамлакат Миллий банки билан ҳамкорликда Ҳаж ва умра зиёратчилари учун махсус ишлаб чиқилган “Nusuk Wallet” номли биринчи халқаро рақамли ҳамённи ишга туширди. Бу ҳақда “IQNA” сайти “Golf News” га таяниб хабар берди.
Nusuk ҳамёни ўтган сешанба куни Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ ар-Рабиаъ иштирокида расман ишга туширилди.
Ушбу инновацион рақамли ҳамён зиёрат сафарлари пайтида молиявий ишлар ва харажатларни бошқариш учун кенг қамровли ечимни таклиф этади. “Nusuk Wallet” фойдаланувчиларнинг молиявий операциялари учун максимал хавфсизликни таъминлаш учун илғор технология ва шифрлаш усулларидан фойдаланади.
Саудия Aрабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг Рақамли тажриба бўйича директори Aҳмад бин Сулаймон Aл-Маймен ушбу ҳаракат муҳимлигини таъкидлаб, уни олтита асосий ютуқ келтирадиган бурилиш нуқтаси деб атади.
Aл-Маймен таъкидлаганидек, ҳамёни замонавий технологияларнинг фойдаланувчи функциялари, жумладан, сунъий интеллект, шифрлаш ва биометрик аутентификация каби илғор функцияларга эга.
Қайд етиш жоизки, бу Ҳаж ва умра зиёратчилари учун мўлжалланган биринчи халқаро рақамли ҳамён ва банк картаси бўлиб, уларнинг эгалари учун қулайлик ва хавфсизликнинг янги даврини очади. Рақамли ҳамён - бу электрон тўловлар, чипталар ва электрон ҳужжатларни сотиб олиш учун ишлатиладиган онлайн хизмат ёки дастур ҳамдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сармоянгиз умрингиздир...
Аллома Ибн ал-Жавзий ўзининг «Мудаҳиш» номли китобига бундай ёзади:
Бир киши бор эди, у бозорда муз сотарди. Овозини чиқариб бундай дерди: “Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинглар!”.
Бу киши одамларнинг юрагини юмшатиб, улардан муз сотиб олишларини сўрарди. Чунки у сотадиган муз — вақт ўтиши билан эриб кетарди. Агар у музини тезда сотиб улгурмаса, бутун сармояси йўқ бўлиб кетади. Шунинг учун у бор овози билан: “Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинг!”.
Музлаб қолган сувнинг ҳар бир томчиси сизнинг тарк этган умр лаҳзангиз кабидир, у энди ҳеч қачон қайтмайди.
Ҳаётингиздаги саноқли кунлардан фойдаланинг…
Солиҳлардан бири айтади: «Мен “Аср” сурасини йигирма йил ўқидим, лекин унинг маъносини тушунмасдим. “Нима учун Аллоҳ инсон табиатан зиёнда деб айтяпти ва буни қасам билан таъкидлаяпти?” деб ўйлардим.
Кейин эса Аллоҳ зиёндан нажот топганларни тўртта сифат билан истисно қилади:
– иймон келтирганлар,
– солиҳ амал қилганлар,
– ҳаққа даъват этганлар,
– сабрни тавсия қилганлар.
Шунда мен “Аср” сурасидаги қасамнинг маъносини англадим: “Дунёдаги энг катта сармоя бу – умрингиз. Умрингиздан ўтган ҳар бир лаҳза эриб кетган муз каби қайтиб келмайди. Шунинг учун сармоянгизни эҳтиёт қилинг! У сиз яшаб турган вақтдир. Ажал етишидан аввал тириклик фурсатидан фойдаланинг».
Аллоҳ умримизни узун ва хотимамизни чиройли қилсин.
Сармоянгизни ўғирлаётганларга эътибор беринг!
Ҳар биримиз сармоямиз яъни вақтимизни ким ёки нималар зое қилаётганини яхши биламиз.
Аллоҳни зикр қилишдан ёки У Зотга ва Расулига итоат қилишдан бошқа нарса билан вақтни зое қилманг.
Унутманг, сармоянгиз — умрингиз!
Мақсудали домла ҚОСИМОВ,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжид имом-хатиби.