Ҳиндистон халқаро марказида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси ва "Ҳиндистон – Марказий Осиё" жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда икки мамлакат етакчи олий билим юртлари ва илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Жаваҳарлаъл Неру университети, Деҳли университети, Жамия Миллия Исламия университети, Кашмир университети етакчи олимлари ва бошқа қатор тадқиқотчилар буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг илмий фаолияти ва жаҳон илм-фани ривожидаги ўрни хусусида сўз юритди.
Қомусий олимнинг илм-фан соҳасидаги фаолияти турли йўналишларни қамраб олгани, инсоният илмий тафаккурининг ривожланишига катта таъсир кўрсатгани таъкидланди. Астрономия, математика, маъданшунослик, география, тарих, доришунослик ва бошқа кўплаб фанларга оид ёзган асарлари ушбу йўналишлардаги илмий изланишларга асос солгани урғуланди. Бугунги кунда ҳам буюк аллома бой илмий меросининг аҳамияти юқори бўлиб, унинг бебаҳо асарлари халқаро кўламда чуқур ва изчил ўрганишда давом эттирилмоқда.
– Беруний меросининг Ҳиндистон учун алоҳида аҳамияти бор, - дейди Кашмир университети Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Табассум Фирдавс. – Унинг «Ҳиндистон» асари мамлакатимиз ҳақида битилган илк мукаммал асарлардан бири бўлиб, унда ҳиндистонликларнинг урф-одатлари, байрамлари, илму фани ҳақида ўта қизиқарли ва бебаҳо маълумотлар қолдирилган. Бугунги кунда ҳам Ҳиндистон тарихини ўрганиш жараёнида ушбу асар ўзининг ноёб манба сифатидаги қадрини йўқотгани йўқ.
– Абу Райҳон Беруний асарлари илм-фан аҳли учун ҳамиша бетакрор манба ва юксак чўққи бўлиб хизмат қилади, - дейди Жаваҳарлаъл Неру университети Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази илмий ходими Рашмини Копаркар. – Унинг илмий изланиш услублари, тўплаган маълумотлари, таҳлилий натижалари илм-тадқиқот олами вакиллари учун намуна бўлиб қолмоқда. Шу боис буюк аллома меросига қайта-қайта мурожаат қилинади.
Халқаро конференция иштирокчилари Абу Райҳон Беруний илмий меросининг тарихий ва замонавий аҳамиятига оид мавзуларда маърузалар қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ