Шу кунларда Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари диний бошқармаси “Марказий муфтийлик” қароргоҳида муфтий Абдулқуддус Ашарин бошчилигидаги Урал мусулмонларининг Ўзбекистон Республикаси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди, деб ёзади “IslamNews”.
Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация вакилларидан Ўзбекистон Республикаси мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири ўринбосари Иброҳим Иномов, Андижон вилоятидаги “Ғиштли” жоме масжиди имом-хатиби Ботиржон Тожибоев, Россия Федерацияси, Екатеринбург шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консули вазифасини бажарувчиси Самандар Юлдашев ва Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги консули Улуғбек Ҳаллаков мазкур йиғилишда қатнашдилар. Йиғилишда мезбонлар томонидан Свердловск вилояти Халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг 1-халқаро бўлими этно-иқтисодий алоқалар ва конфессиявий муносабатлар бош мутахассиси Павел Кох ва Свердловск вилояти ички сиёсат бошқармасининг экстремизмнинг олдини олиш бўйича ишларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Иван Падерин иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Урал мусулмонларига салом ва дуоларини етказишди. Ўзбекистон имом-хатиблари делегациясининг Урал мусулмонлари диний идораси таклифига биноан диндошларига ёт ғоялар ташвиқотига қарши профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича Екатеринбургга ташрифи билан бошланган бугунги ҳамкорликдан мамнунлигини билдирди.
Муфтий Абдулқуддус Ашарин меҳмонлар учун Марказий муфтийлик қароргоҳи бўйлаб ташриф уюштирди ва Екатеринбургда марказий жоме масжиди қурилиши режалари ҳақида сўзлаб берди.
Томонлар Ўзбекистондаги қадамжоларга сафар қилиш орқали зиёрат туризмини ривожлантириш, Ўзбекистон ва Урал мусулмонлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма таълим тадбирлари бўйича истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати.
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати