Африканинг марказида жойлашган Чад давлати қадимий маданият ўчоғидир. Бу диёр ўзига хос чўллари, воҳалари ва кенг яйловлари билан кишилар эътиборини тортади. Иқлими иссиқ ва ёғингарчилик деярли кузатилмайди.
Бу ўлка этник гуруҳлар, тиллар ва анъаналар маркази бўлиб, бой маданий хилма-хилликка эга. Аҳолисининг олтмиш фоизи мусулмон. Чад халқи самимий ва меҳмондўстдир.
Ислом динининг бу диёрга кириб келиши саҳоба Уқба ибн Нофий розияллоҳу анҳу номи билан боғлиқ. У халифа Умар розияллоҳу анҳу ҳукмронлиги даврида Ливия, Тунис, Жазоир ва Марокаш каби мамлакатларни фатҳ қилган. Унинг авлодлари ҳозир ҳам Чадда истиқомат қилади.
Бу диёрда Исломнинг кенг тарқалишига IX асрда Шимолий Африкадан келган араб ва бербер (Африка қабиласи) савдогарлари сабабчи бўлган. Кейинчалик Канем-Борну империяси минтақага Исломнинг ёйилишида муҳим роль ўйнади.
Чадликлар тижорат мақсадида турли мусулмон мамлакатларида бўлиб, у ернинг яшаш тарзи, маданияти, зироатчилиги, савдо-сотиқ, дин ишларини ва бошқа илмларни эгаллашга киришдилар.
Чадликлар одатда ота-она, фарзандлар ва бир нечта яқин қариндошлари билан биргаликда яшайдилар. Уларнинг урфига кўра, оилада барча масъулият ўғил фарзанд бўйнида. У оиланинг шаъни ва хавфсизлигига жавобгар саналади.
Чорвачилик чадликларнинг асосий даромад манбаидир. Уларнинг уй-жойлари асосан чодирлар ва қамишлардан ясалади. Бу бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчишда қулайдир. Мамлакатнинг жанубий қисмида аҳоли деҳқончилик билан машғул. Унумдор ерлар асосан воҳаларда жойлашгани боис бу ер аҳолиси ўтроқлашган.
Шунингдек, чадликлар тажрибали савдогардир. Улар Марказий Африка мамлакатлари билан чорва моллари, мева, сабзавотлар ва қимматбаҳо тошлар савдосини кенг йўлга қўйган.
Жанубдаги оилалар одатда яқин қариндошлари – опа-сингиллари ва ака-укалари билан битта том остида яшайдилар. Уйлар шунга яраша катта қилиб бунёд этилади. Ҳар бир оила аъзосининг шахсий хонаси бўлади. Қизиғи, катталар бир дастурхон атрофига йиғилмайдилар. Эркаклар ва аёллар алоҳида овқатланишади.
Чадликлар миллий анъаналарни ва удумларни эъзозловчи халқ. Шимолий минтақаларда диний маросимлар тўлиқ адо этилади. Жанубдаги баъзи қабилалар суҳбатдошнинг кўзига қарашни одобсизлик деб билишади. Овқатни доим ўнг қўл билан ейдилар. Чап қўлда овқатланиш уят ҳисобланади. Меҳмонларга совға улашиш улар учун одатга айланган.
Мамлакат бўйлаб бой маданий мерос ва диний услубларни уйғунлаштирган кўплаб иншооту масжидларда бежирим ишланган наққошлик асарларини кўриш мумкин. Чад пойтахти Нжамена шаҳридаги “Буюк масжид” шаҳарнинг бош жомесидир.
Чадда диний ва дунёвий таълим берувчи мактаблар ҳамда араб тилини ўрганиш марказлари бор. Бу таълим муассасалари керакли билимларни ва миллий-маданий қадриятларни асраб-авайлашда, уларни келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Шоҳрух УБАЙДУЛЛАЕВ
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби